Мирзиёев Эрдўғанга электромобиль учун раҳмат айтди
Жамият
−
12 Апрель 2023
8522Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 апрель куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан ўтказган телефон орқали мулоқотда Togg бренди остида ишлаб чиқарилган биринчи турк электромобили совға қилгани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари қардош Туркия Президенти ва халқини катта технологик ғалаба – мамлакатда замонавий электромобилларни саноат усулида ишлаб чиқариш бошлангани билан табриклаган.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларининг бугунги даражасига юксак баҳо берилган.
Ўзбекистон ва Туркия етакчи компанияларининг юқори технологик тармоқлардаги саноат кооперацияси миқёсини янада кенгайтириш учун мавжуд имкониятлар қайд этилган.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган икки томонлама Олий даражадаги Стратегик шериклик кенгаши йиғилишига пухта тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилган.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Келтирилишича, телефон мулоқоти якунида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича бўлажак референдумни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган ва унинг муваффақиятли ўтишини тилаган.
LiveБарчаси