Мирзиёев дунёдаги таҳликали вазият ва унинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида гапирди
Жамият
−
14 Июль 2023
16038Ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказмоқда. Бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришган Шавкат Мирзиёев айни вақтда бўлиб ўтаётган Олий Мажлис ва Сенат палаталарининг қўшма мажлисида сўз очди.
“Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий- ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади”, дейди Президеннт.
Унинг урғулашича, кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих.
“Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”, дейди Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёевга кўра, жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда. Айни вақтда олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлардан иборат ўта мураккаб янги бир давр бошланмоқда.
“Ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказмоқда. Бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқармоқда.
Дунё миқёсида иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурсларининг тобора тақчил бўлиб бораётгани ҳам барқарор ривожланишга кучли салбий таъсир кўрсатмоқда.
Биз мана шундай оғир ва таҳликали вазиятда халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни – самарали ички ва ташқи сиёсат йўлини аниқ белгилаб олишимиз ва уни қатъий амалга оширишимиз лозим”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Унинг қайд этишича, ислоҳотларнинг таъсирчанлиги ва бардавомлигини таъминлаш учун йўлда учраши мумкин бўлган барча хавф-хатар, тўсиқ ва ғовларни ҳисобга олиш ва улардан талафотсиз ўтиш чораларини кўриш зарур.
Шунингдек, у, ўтмишдан, кечаги тарихдан, йўл қўйилган хато ва камчиликлардан зарур хулосалар чиқариб, Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, Ватан шуҳрати ва шон-шарафини ҳамма жабҳаларда муносиб ва мардона ҳимоя қилиш кераклигини айтди.