Мирзиёев дунёдаги сиёсий марказлар уюштираётган бўҳронларга муносабат билдирди

Жамият

image

Бугунги кунда дунёдаги айрим сиёсий марказлар томонидан баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтириляпти, норозичидик авж олдириляпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди.

Давлат раҳбари йиғилишда глобаллашув инсоният учун кенг имкониятлар беришини, аммо танганинг икки тарафи бўлганидек, унинг ҳам ўзига яраша салбий жиҳатлари мавжудлигини таъкидлади.

“Ҳаммамизга аён бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда. Жаҳонда манфаатлар тўнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора кучаймоқда. Фақат ўзини ўйлаш ҳудбинлик, ҳаётга, меҳнатга, оилага енгил қараш, оломонлик сингари иллатлар бугун турли йўллар орқали одамлар, айниқса, ҳали оқ-қорани яхши англай олмайдиган ёшлар онгига ғоят устамонлик билан сингдирилмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент сўзида давом этиб, дунёнинг турли нуқталарида ташқи кучлар таъсирида беқарорлик юзага келтирилаётганига ҳам тўхталиб ўтди. Мавжуд иқтисодий инқироз бундай фитналарга йўл очаётгани қўшимча қилинди.

“Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибержиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Дунёдаги айрим сиёсий марказлар томонидан баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтириляпти, норозичидик авж олдириляпти. Айниқса, бугун чуқурлашиб бораётган глобал иқтисодий инқироз тури фитналар учун янада қулай шароит яратиши ҳақида ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. 

Шундай ўта таҳликали вазиятда ҳаммамиз яна бир марта такрор-такрор айтаман сезгир ва огоҳ бўлишимиз, аввало халқимизнинг тинчлиги ва миллий манфаатларимизни ўйлаб яшашимиз зарур.

Асрлар давомида шаклланган чин инсоний қадриятларимиз ўрнини бузғунчи ғоялар эгаллаб олишига асло йўл қўймаслигимиз зарур”, дея таъкидлади Президент Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

414

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг