Мирзиёев BRICS банки президентини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган BRICS Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русефни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу кўп томонлама молиявий институт билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йил октябрь ойидаги BRICS саммити доирасида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, банкнинг Бошқарувчилар кенгаши томонидан Ўзбекистон Янги тараққиёт банкига аъзо бўлишига принципиал розилик берилди. Умумий қиймати 5 миллиард долларлик биринчи навбатдаги қўшма лойиҳалар дастури шакллантирилди.

Давлат раҳбари ирригация тизимларини модернизация қилиш, тоғ-кон саноатини ривожлантириш, хусусий секторни молиялаштириш, таълим ва инфратузилма соҳаларида давлат-хусусий шерикликни илгари суриш каби устувор йўналишларда лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари қўллаб-қувватланди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 9 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлаши хабар қилинганди. Унда 8 минг нафар делегат, шу жумладан 100 га яқин давлатдан 3 мингга яқин хорижий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, BRICS Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф ва бошқалар қатнашади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев BRICS Дилма Русеф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг