Мирзиёев Бишкекка жўнаб кетди
Жамият
−
13 Октябрь 2023
4155Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Бишкек шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Саммит тадбирлари давомида МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Давлат раҳбарлари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.
Йиғилиш якунида Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига доир қатор битим ва қарорларни қабул қилиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин расмий ташриф билан Қирғизистонга келганди. У бугун бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида иштирок этиб, у ерда мавқедошлари, жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашишини маълум қилган эди.