Мирзиёев биринчи марта Қорабоғ ҳақида сўз очди
Жамият
−
23 Август 2023
12716Кеча, 22 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди.
Шавкат Мирзиёев самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон етакчисига миннатдорлик билдириб, сайловдан кейинги биринчи давлат ташрифини Озарбайжонга амалга оширганида рамзий маъно борлигини айтди.
"Сайловдан кейинги биринчи ташрифимни айнан Озарбайжонга амалга ошираётганим рамзий маънога эга. Бу икки томонлама ҳаморлигимиз энг юксак даражага чиққани, яқинлашишга ўзаро интилиш борлиги, шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради", деган Ўзбекистон Президенти.
Шунингдек, Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доим қўллаб-қувватлаб келгани ва бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши таъкидланган. Шу муносабат билан Мирзиёев Қорабоғда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг кўлами ва суръатини юқори баҳолаган.
Шу билан бирга, икки томонлама музокараларда кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари муҳокама қилингани қайд этилган.
"Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқлигини таъкидлаш жоиз. Биз қардош халқларимиз манфаатлари йўлида катта салоҳиятдан самарали фойдаланишнинг янги имкониятлари ва механизмларини излаш долзарб эканига урғу бердик", деган Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг Олий давлатлараро кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг имзолангани икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб бериши таъкидланган.
Олий даражадаги учрашувлар чоғида эса кўп қиррали шерикликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинган.
Давлат раҳбарлари савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берган. Автомобилсозлик, металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик, туризм ва бошқа тармоқлардаги йирик лойиҳалар муҳокама қилинган.
Шунингдек, янги логистика занжирларини ривожлантириш ва инфратузилмани барпо этиш, юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинган.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир драйвери сифатида икки мамлакат ҳудудларининг имкониятлари максимал даражада ишга солиниши айтилган. Ҳокимлар ва маъмуриятлар раҳбарлари янги кооперация лойиҳалари ва гуманитар алмашинувни илгари суриш учун жойларда мунтазам учрашиши таъкидланган.
Музокараларда маданият соҳасидаги алоқаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Қайд этиш жоизки, яқинда Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтганди. Ушбу тадбирлар доирасида Бакуда ўзбек мумтоз адабиётининг буюк вакили Абдулла Қодирийнинг озарбайжон тилига таржима қилинган “Ўткан кунлар” романи тақдимот қилинган.
Билдирилишича, маданият ва кино кунлари, ижод ва илм-фан арбобларининг учрашувлари мунтазам ўтказиб бориладиган бўлган. Жорий йилда Ўзбекистонда биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон ёшлар форуми ташкил этилади.
Мирзиёев ва Алиев Бирлашган Миллиатлар Ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, МДҲ, ЕХҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа кўп томонлама институтлар доирасида ҳам самарали мулоқотни давом эттиришга аҳдлашиб олган.
"Бугунги музокаралар стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишимиз қатъий эканини яна бир бор намойиш этди. Саъй-ҳаракатларимиз аниқ натижаларга қаратилган", деган Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь