Мирзиёев Беларусь Республика Кенгаши Раисини қабул қилди  

Жамият

image

Бугун, 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштириш, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида Наталья Кочанова Шавкат Мирзиёевга Александр Лукашенконинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон Президенти жорий йил февраль ойида олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланаётгани, мулоқот ва алмашинувлар фаоллашаётганини мамнуният билан қайд этди.

“Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, саноат кооперацияси лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда, ҳудудлараро ишбилармонлик алоқалари кучаймоқда, маданий-гуманитар дастур доирасидаги тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган парламентлар доирасидаги қўшма тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон Олий Мажлисидаги учрашувлар ва иккинчи аёллар бизнес форумининг самарали натижалари юксак баҳоланди.

Икки мамлакат ўртасида савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликнинг аниқ лойиҳаларини илгари суришга қаратилган фаол парламентлараро мулоқотни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили сентябрь ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Беларусда Александр Лукашенконинг қабулида бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Беларусь Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made