Мирзиёев БАА Президентини туғилган куни билан табриклади
Жамият
−
11 Март 2831 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 март куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи таваллуд куни билан самимий табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон етакчиси БАА Президентига мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, дўст Амирликлар халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Давлат раҳбарлари бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойи муносабати билан ҳам бир-бирларини самимий қутладилар.
“Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида БААга амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очиб, уларни стратегик шериклик даражасига кўтаргани алоҳида таъкидланди. Эришилган келишувларни амалга ошириш учун алоҳида "йўл харитаси" қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, етакчилар Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони изчил ортиб бормоқда.
“Бугунги кунда 20 миллиард долларлик лойиҳалар портфели доирасида Амирликларнинг етакчи компаниялари билан "яшил" энергетика, рақамлаштириш, сунъий интеллект, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби муҳим йўналишларда фаол ҳамкорлик қилинмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқотининг иккинчи саммитини ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Маълумот учун, Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён 1961 йил 11 мартда Ал-Айн шаҳрида туғилган. У Бирлашган Араб Амирликларининг биринчи президенти ва Абу-Даби ҳукмдори Зайд бин Султон Ол Наҳаён ва унинг учинчи рафиқаси Фотима бинт Муборак Ал Кетбийнинг учинчи ўғли. У 2022 йилдан бери мамлакатни бошқариб келмоқда.
Live
Барчаси