Мирзиёев аввал умуман саноат бўлмаган туманга борди
Жамият
−
30 Март 2023
10503Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини Кегейли туманидаги текстиль корхонасидан бошлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, аввал бу туманда саноат умуман бўлмаган. Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш бўйича қилинаётган ишлар, ҳудудлараро ҳамкорлик натижасида туманда андижонлик тадбиркорлар билан биргаликда учта лойиҳа ишга туширилган.
Президент ташриф буюрган ушбу текстиль корхонаси йилига 3 миллион донадан зиёд трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун Германия, Япония ва Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 500 та иш ўрни яратилган. Йилига 6 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечириб, ишчи аёллар билан суҳбатлашган. Шунингдек, Мирзиёев чекка ҳудудларда бундай янги корхоналар очилаётгани, хотин-қизлар иш билан таъминланаётганининг аҳамиятини таъкидлаб, буни давом эттириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.
Корхонанинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилган.