Мирзиёев “Арқадағ” билан қўнғироқлашди
Жамият
−
28 Декабрь 2023
6323Бугун, 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон Президенти ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси бир-бирини яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан дилдан қутлаб, қардош халқларга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ўзининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини ҳам йўллаган.
“Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Илгари эришилган, шу жумладан парламентлараро мулоқот доирасидаги келишувлар ижросининг бориши муҳокама қилинди. Томонлар барча устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли фаоллашганини катта мамнуният билан қайд этди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ошмоқда – 2023 йил якуни билан товар айирбошлаш 1 миллиард доллардан ортган. Пойтахт Тошкент ва Ашхобод шаҳарларида савдо уйлари очилиб, ҳамкорликда "Шовот-Тошовуз" чегараолди савдо зонасини барпо этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаларида икки мамлакат етакчи корхоналарининг кооперацияси кучаймоқда, ҳудудлараро алоқалар кенгаймоқда. Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари муваффақиятли ўтказилган.
Шунингдек, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилиб, 2024 йилга мўлжалланган учрашувлар режаси кўриб чиқилган.
LiveБарчаси