Мирзиёев аномал совуқда қийналган тадбиркорларни қўллайдиган қарорни имзолади
Жамият
−
06 Февраль 2023
6944Қаттиқ совуқда қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар берилади. Бу ҳақда “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида маълум қилинди.
Қарорга кўра, минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-март ойларида муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади. Шунингдек, 9 минг нафар тадбиркорнинг 2 триллион сўм солиқдан қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва “пеня”сиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, ҳужжатда тадбиркорларга қуйидагича енгилликлар бериш кўзда тутилган:
• қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади;
• носоз ускуналарни таъмирлашга кредитлар ажратилади, улар бўйича 2,5 миллиард сўмгача кафиллик берилади ва кредит ставкасининг 4,5 фоизи қоплаб берилади;
• 27 минг тадбиркор учун давлат мулки ижара тўлови 1 апрелга қадар ўзгармайди ва уни бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади (тадбиркорларда 52 миллиард сўм қолади);
• давлат мулкини сотиб олган тадбиркорлар учун тўловлар, фоиз ва “пеня” 1 апрелга қадар тўхтатиб турилади;
• Ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма берилади.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси