Мирзиёев Алиевни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
24 Ноябрь 2023
4346Бугун, 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Баку шаҳрига амалий ташрифи доирасида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув аввалида Илҳом Алиев Ўзбекистон раҳбарига БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитини қўллаб-қувватлагани ва унда шахсан иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирган.
Ўз навбатида Мирзиёев ҳам Озарбайжон Президентини СПЕКАда муваффақиятли раислик қилаётгани билан табриклаган.
Музокара давомида Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган, шу жумладан олий даражада эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилган. Шунингдек, тизим ва самарали мулоқотлар туфайли икки давлат муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, амалий мазмун билан бойигани қайд этилган.
Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари юзасидан ҳам фикр алмашган. Кимё, энергетика, заргарлик, машинасозлик, қурилиш ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинган. Маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.
Учрашув якунида Мирзиёев озарбайжонлик мавқедошини ўзи учун қулай вақтда расмий ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф қилган.