Мирзиёев 5 нафар уруш қатнашчисини кўришга борди (фото)

Жамият

image

Бугун, 8 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги санаторийлардан бирига бориб, уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Президент Анорбой ота Жалилов, Ашир ота Ўсаров, Антонина Коломенцева, Тўлаган ота Имомов, Аббос ота Аппанов билан суҳбатлашган.

Сизларни кўрай, байрам билан табриклай деб келдим. Бу, аввало, сизларнинг байрамингиз. Ўша пайтлардаги жасорат ва матонатингиз туфайли кейинги авлодлар тинч, эркин яшади. Машаққатли меҳнат ва зафарларга тўла ҳаёт йўлингиз бугунги ёшлар учун чинакам ибрат мактаби, ватанпарварлик мактаби, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Сиз билан бутун эл-юртимиз фахрланади, дейди давлат раҳбари.

Келтирилишича, уруш қатнашчилари ҳурмат ва меҳр оғушида яшаётгани, соғлиги яхши, ҳаётидан рози эканини айтган. Ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда, фарзанд ва набираларининг ҳаётида бўлаётган ўзгаришлар ҳақида гапирган.

Мана, яқинда янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Мамлакатимиз ривожини ошириш, халқимиз ҳаётини яхшилаш бўйича катта марралар олдик. Мана шундай ўзгаришлар пайтида сиздек катта тажрибага эга инсонларнинг ёнимизда бўлиши, маслаҳатларингизни олиш бизга чексиз куч-ғайрат беради, дейди Мирзиёев.

Нуронийлар эътибор ва ғамхўрлик учун Президентга миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилган.

Табаррук дуоларингизни олиш, сизга қўшилиб халқимизнинг тинчлигини сўраш – катта бахт. Ҳаётда кўп-кўп синовларни кўрган, қарийб бир асрлик ҳаёт тажрибасига эга бўлган сиздай муҳтарам инсонларнинг дуолари ижобат бўлади. Нуронийларимиз учун барча зарур шароитларни яратишга бундан буён ҳам катта эътибор қаратамиз. Бу – биз учун муқаддас бурч ва вазифадир, дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Мирзиёев уруш қатнашчилари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг