Мирзиёев 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди (видео)
Жамият
−
22 Февраль
9277Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 21 февраль куни Россиянинг Қозон шаҳрида “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мультиспорт мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Қозон Экспо” халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Иштирокчилар эътиборига “Келажак ўйинлари” дастурига кирган спорт турлари ҳақида видеолавҳа ва театрлаштирилган саҳна кўриниши тақдим этилди.
Шавкат Мирзиёев иштирокчиларга омад тилаб, 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Маросимдан сўнг олий мартабали меҳмонлар махсус кўргазма билан танишди. Виртуал макондаги беллашувлар ва анъанавий спортни ўзида мужассам этган “фижитал-спорт” концепцияси тўғрисида маълумот берилди.
Етакчилар киберспорт мусобақаларини, фижитал-футбол бўйича машғулотлар жараёнини кузатди, спортдаги янги йўналишнинг бугунги ривожи ва истиқболлари ҳақида ҳикоя қилувчи тасвирий санъат намуналари ва тақдимотлар билан танишди.
Шавкат Мирзиёевнинг Қозон шаҳрига амалий ташрифи якунига етгач, Абдулла Тўқай номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Татаристон Раиси Рустам Минниханов кузатиб қўйди. Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.
Маълумот учун, “Келажак ўйинлари” – беллашувлар бир вақтнинг ўзида спортнинг анъанавий турлари ва уларнинг рақамли муқобилларида ўтказиладиган юқори технологик мусобақадир. У жорий йилнинг 21 февраль кунидан 3 март кунига қадар давом этади.
Турнирда 100 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 300 та жамоа, шу жумладан Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар фижитал-хоккей, виртуал велопойга, спорт дастурлаш каби йўналишларда куч синашади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь