Мирзиёев Ҳайдар Алиевнинг қабрини зиёрат қилди
Олам
−
03 Июль 5110 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 июль Озарбайжонга давлат ташрифининг иккинчи кунида Баку шаҳрида Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев қўним топган Фахр хиёбонига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев Ҳайдар Алиев қабрига гул қўйиб, Озарбайжоннинг буюк давлат ва сиёсат арбоби хотирасига эҳтиром кўрсатган.
“Ҳайдар Алиев ҳақли равишда мустақил Озарбайжоннинг асосчиси ҳисобланади. Унинг раҳбарлигида мамлакатнинг жадал ривожланиши ва халқаро майдондаги нуфузи юксалиши учун мустаҳкам пойдевор яратилган.
Унинг давлат қурилиши ва миллий суверенитетни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси Озарбайжон тарихида алоҳида ўрин тутади”, дейилади хабарда.
Ўзбекистонда Ҳайдар Алиев қардош давлатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта аҳамият берган давлат арбоби сифатида чуқур ҳурмат қилинади.
Маълумот учун, Ҳайдар Алиев 1923 йил 10 майда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида туғилган ва 2003 йил 12 декабрда вафот этган. У Озарбайжон тарихидаги энг муҳим сиёсатчилардан бири ҳисобланади. Дастлаб КГБ тизимида ишлаган, кейин 1969 йилдан 1982 йилгача Озарбайжон ССР раҳбари бўлган. Сўнгра 1982 йилдан 1987 йилгача СССР Вазирлар Совети раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Мустақилликдан сўнг, 1993 йилда Озарбайжон Президенти этиб сайланган ва 2003 йилгача мамлакатни бошқарган. У нефть стратегияси ва хорижий сармояларни жалб қилиш орқали мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлади. Ҳайдар Алиев Озарбайжонда барқарорликни таъминлаган ва миллий етакчи сифатида эътироф этилган. Унинг ўғли Илҳом Алиев 2003 йилдан бери Президент лавозимини эгаллаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 июль куни Бакудаги “Загулба” қароргоҳида Озарбайжонга давлат ташрифи билан келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлганди. Музокаралар якунида Мирзиёев ва Алиев Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши қарорини қабул қилди. Давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Ўзбекистоннинг Баку шаҳридаги элчихонаси янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Live
Барчаси