Мирзиёев ҳарбийларни табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади.

“Барчамиз учун шон-шараф тимсолига айланган мана шу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган ботир ва довюрак ўғлонларимизни, муҳтарам фахрийларимизни табриклаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз”, деган Президент.

Шунингдек, Президент Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган қаҳрамон ҳарбийларнинг сўнмас хотираси олдида ҳурмат бажо келтиришини билдирган.

“Фурсатдан фойдаланиб, мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида Ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман”, деган Президент

Унинг сўзларига кўра, кейинги йилларда олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотлари туфайли Қуролли Кучлар мамлакат мустақиллиги, чегаралар дахлсизлиги, халқнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бормоқда.

Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армия улар учун, ёшлар учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда.

“Энг муҳими, халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишламоқда”, деган давлат раҳбари.

Шунингдек, Президент бугунги кунда навқирон авлод ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш кучайиб, минглаб йигит-қизлар Ватан ҳимоясига дадил бел боғлаётгани барчани чексиз қувонтиришини билдирган.

“Биз ана шундай ўтюрак фарзандларимиз тимсолида бўлғуси қаҳрамонларимиз, Қуролли Кучларимизнинг бўлажак офицер ва генераллари, моҳир қўмондонларни кўрамиз”, деган у.

Президентнинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазиятда Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

“Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида бу борада бошлаган ишларимизни мутлақо янги сифат босқичига кўтаришимиз шарт. Хусусан, Қуролли Кучларимизни янги, модернизация қилинган ўт очиш тизимлари ва техника билан таъминлашни ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини, қўшинларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давом эттирамиз”, деган Мирзиёев.

Унинг қўшимча қилишича, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқувчи ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Аскар ва офицерларнинг профессионал маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш доимо устувор вазифа бўлиб қолади.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларсфахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам диққатимиз марказида бўлади.

“Ана шу муҳим вазифаларни бажаришда, ҳеч шубҳасиз, ҳарбий-маъмурий секторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки, халқ билан мулоқот ва маслаҳат асосида, унинг иштирокида амалга оширилган иш албатта қудратли ижобий кучга эга бўлади”, деган Мирзиёев.

“Умуман, бугунги кунда барчамиз – қайси соҳа ёки тармоқда, қандай лавозимда ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз зарур. Бу талабни даврнинг ўзи олдимизга қатъий вазифа қилиб қўймоқда ва халқимиз ҳам биздан айнан шуни кутмоқда”, дея қўшимча қилган у.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони қабул қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар Ватан ҳимоячилари куни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг