Мирзиёев ҳам Эрдўғанни юбилей билан табриклади
Жамият
−
26 Февраль
5712Бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга қўнғироқ қилиб, уни 70 ёшга тўлгани билан қутлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон раҳбари Туркия етакчисига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, биродар турк халқи ва давлатининг равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятида катта муваффақиятлар тилаган.
"Замонавий Туркиянинг барпо этилишида, глобал майдондаги нуфузи юксалишида, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларида бугунги юқори даражага эришилишида Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўрни ва ҳиссаси алоҳида қайд этилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, суҳбат давомида барча даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани катта мамнуният билан таъкидланган.
Қолаверса ўтган йил якунида қўшма корхона ва лойиҳалар сони сезиларли даражада – 365 тага ортгани, Туркиянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан инвестициялар портфели кенгайгани, икки мамлакат ўртасидаги тўғридан тўғри авиақатновлар ҳам, тегишли равишда ўзаро сайёҳлар оқими ҳам кўпайгани билдирилган.
Давлат раҳбарлари олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини пухта тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон-Туркия Ҳукуматлараро комиссияси доирасида олиб борилаётган ишларни кучайтириш муҳимлиги қайд этилган. Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Маълумот учун, Ражаб Тойиб Эрдўған 1954 йил 26 февралда Истанбулнинг Бейўғлу туманидаги Қосимпаша маҳалласида қирғоқ қўриқлаш ходими оиласида туғилган. У 2014 йил 28 августдан бери Туркиянинг амалдаги Президенти саналади. Бунгача Эрдўған 2003-2014 йилларда Туркия Бош вазири, 1994-1998 йилларда Истанбул мэри лавозимларида ишлаган. У иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партиясининг асосчиси ҳисобланади.
Эрдўғаннинг 70 йиллик юбилейи учун алоҳида тадбир режалаштирилмаган. Туркия раҳбари Истанбулда транспорт лойиҳаси очилишида иштирок этади ва 31 март куни бўлиб ўтадиган муниципал сайловларга ҳукмрон партия ижроия қўмитасининг тайёргарлиги бўйича йиғилиш ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин ҳам Туркия раҳбарига қўнғироқ қилиб, уни туғилган куни билан табриклаганди. Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳмедов эса Эрдўғанга Туркманистоннинг “Hormatly il ýaşulusy” (“Туркманистон фахрий оқсоқоли”) фахрий унвонини берганди.
LiveБарчаси