Мирзаматовнинг навбатдаги жанги чемпионлик камари учун бўлиши мумкин
Спорт
−
11 Август 2023
3063Яримўрта вазнда қозоғистонлик аралаш яккакураш устаси Георгий Кичигин ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ўзбекистонлик спортчи Шоҳасан Мирзаматовни чемпионлик жангига чорлади.
Унга кўра, мазкур жанг аввалроқ ярим ўрта вазн тоифасида Оctagon лигаси чемпиони Муҳаммад Муҳаммедов томонидан вакант қолдирилган камар учун кечади.
“Лига бизга Шоҳасан билан чемпионлик жангини таклиф қилди, чунки Муҳаммедов кетди. Лекин Мирзаматов қочяпти ва бу жангни қабул қилмаяпти. Шундай мухлислар аудиториясига эга инсоннинг ҳақиқий қўрқоқ экани кулгили. Унинг эронлик рақибини эса менинг шогиртларим ҳам енга олади. Агар Мирзаматов бўлмаса, менга исталган жангчини беринг, мен шу камарни қўлга киритишни хоҳлайман”, дейди Кичигин
Маълумот учун, Георгий Кичигин сўнгги бор 27 май куни Оctagon 45 мусобақаси доирасида бразилиялик Нилсон Оливейра билан жанг қилиб, зафар қучган эди. У фаолияти давомида АCА, ONE FC каби лигаларда жанг қилган. ММА’даги фаолияти давомида 38 марта октагонга кўтарилиб, 28 та жангда ғалаба қозонган ҳамда 10 та баҳсда рақибларига имкониятни бой бериб қўйган.
Ўзбекистон вакили Шоҳасан Мирзаматов эса жами 12 та жангда қатнашиб, уларнинг 10 тасида қўли баланд келган ва 2 марта мағлубиятга учраган. У охирги жангини жорий йилнинг 22 июль санасида эронлик рақиби Азади-Фарга қарши ўтказиб, биринчи раунднинг ўзида нокаут эвазига ғалаба қозонган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шоҳасан Мирзаматовнинг захира жангчиси сифатида ёки UFC президентининг Dana Whiteʼs Contender Series промоушени орқали ташкилот билан шартнома имзолаши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.