Мирзабек Холмедов ва Хуршид Расулов Исроилдан Тошкентга етиб келди (видео)
Маданият-санъат
−
09 Октябрь 2023
24346Қуролли тўқнашувлар вақтида Исроилда қолаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мирзабек Холмедов ва Хуршид Расулов Ўзбекистонга қайтиб келди. Бу ҳақда унинг ўғли Улуғбек Холмедов маълум қилди.
Мирзабек Холмедов ва Хуршид Расулов ўтирган самолёт кеча, 8 октябрь куни 59 дақиқалик кечикиш билан Исроилдан Тошкент томон йўлга чиққан ва кечки соатларда Тошкентга келиб қўнган.
Мирзабек Холмедовнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиб, соғ-саломат етиб келганини тасдиқлади.
“Хуршидбек Расулов билан Исроилга концерт учун боргандик. Нотинчлик бўлиб қолгани учун қайтдик. Соғ-саломат етиб келдик. Ҳаммаси жойида. У ердаги дўстларимизга ҳам раҳмат, чиройли шаклда кузатиб юборишди”, дейди Мирзабек Холмедов.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон Исроил билан авиақатновларни тўхтатгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, можаро қурбонлари сони 1100 га яқинлашди.