Исроилдан Ўзбекистонга авиақатновлар тўхтагани йўқ – элчихона
Жамият
−
09 Октябрь 2023
4238Ўзбекистон Исроил билан авиақатновларни тўхтатгани йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Тель-Авивдаги элчихонаси маълум қилди.
"Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси фуқаролари! Ҳозирги кунга қадар Исроилдан Ўзбекистонга учадиган авиа рейслар бекор қилингани йўқ. Кетиш истагидагилар бемалол авиачипта олиб учишлари мумкин. Ўзгаришлар тўғрисида хабар берилади", дейилади элчихонанинг мурожаатида.
Шунингдек, дипломатик миссия Исроилда бўлган ватандошлардан бедарак йўқолган, жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида ёки бошқа маълумотлар тўғрисида консуллик бўлимига +972 54 485 1397 телефон рақами орқали хабар беришни сўраган.
Uzbekistan Airways маълумотларга кўра, Тель-Авивдан Тошкентга навбатдаги рейслар 10, 12 ва 15 октябр кунларига белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Сўнгги маълумотларга кўра, можаро қурбонлари сони 1100 га яқинлашди.
LiveБарчаси