Мингбулоққа янги ҳоким тайинланди
Жамият
−
07 Август
4781Наманган вилояти Мингбулоқ туманига Аҳрор Мансуров ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 7 август куни халқ депутатлари Мингбулоқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда ташкилий масала кўрилган. Сессияда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилган.
Депутатлар Наманган вилояти ҳокимининг Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорини бир овоздан маъқуллаб, Мансуров Аҳрор Аҳмадалиевични Мингбулоқ тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорини бир овоздан тасдиқлади.
Қайд этиш жоизки, Нуршод Нурмаматович Худойбердиев вилоят ҳокимининг 2019 йил 20 мартдаги 203-сонли қарори билан Мингбулоқ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. 2020 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ тумани ҳокимига тегишли экани айтилган аудиоёзув тарқалди. Аудиода ҳоким ходимларини ҳақоратлаганини эшитиш мумкин эди. Ўшанда фермерларни сўкиб, ҳақорат қилган Мингбулоқ тумани ҳокимига нисбатан чора кўрилиб, Нуршод Худойбердиев 4 млн 460 минг сўм жаримага тортилди.
Жорий йилнинг 17 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Бош вазир Абдулла Ариповнинг Мингбулоқ тумани ҳокимини ишдан олиш бўйича таклифи қўллаб-қувватланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ғозғон шаҳри, Фурқат, Тошкент ва Тахиатош туманларига ҳокимлар тайинланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь