Миллий гвардиянинг Ҳарбий-мусиқа академик лицейи ташкил этилади

Жамият 951
image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-мусиқа академик лицейи ташкил этиш ҳақидаги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи негизида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-мусиқа академик лицейини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Қуйидагилар Ҳарбий-мусиқа академик лицейининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

• умумий ўрта ҳамда ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ сифатли ўқитишни ташкил этиш;

• Ватанга садоқат, ўз халқининг маънавий ва тарихий қадриятларига содиқлик руҳида тарбияланган ёшларни тайёрлаш;
  
• умумий мусиқа бўйича билимларнинг бошланғич асосларини ўргатиш ҳамда дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги йўналишида етук кадрларни тайёрлаш;
  
• республика ва хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда замонавий педагогик ва ахборот коммуникация технологиялар қўлланилишини таъминлаш;
  
• ўқувчиларнинг маънавий ва эстетик ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда ўқувчиларнинг истеъдодини ва маданий савиясини ҳар томонлама юксалтириш;
   
• Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий оркестрлари учун малакали кадрлар резервини шакллантириш;
миллий ва жаҳон мусиқасининг юксак намуналаридан ва ўзбек халқининг мумтоз мусиқа мероси дурдоналаридан ўқувчиларнинг баҳраманд бўлиши учун зарур шароитлар яратиш.

Белгилаб қўйилишича: 

а) Ҳарбий-мусиқа академик лицейида:
• мусиқа таълими ва ўқув жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида истисно тариқасида, мавжуд умумий ўрта таълим синфлари сақлаб қолинади;

ўқитиш умумий ўрта ҳамда ўрта махсус таълимнинг давлат таълим стандартларининг ўқув режалари ва дастурлари асосида “Дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги” таълим йўналиши бўйича амалга оширилади ва “оркестр артисти” квалификацияси берилади;

б) академик лицей фаолиятига раҳбарлик қилиш ва назоратни ташкил этиш, молиялаштириш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

в) ўқув-тарбия жараёни самарадорлигини оширишга методик ёрдам кўрсатиш, дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар, мультимедиа иловалари, синф журналлари, ўқувчиларни рейтинг дафтарчалари ва бошқа ҳужжатлар билан таъминлаш, шунингдек, педагог кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда амалга оширилади;

г) Ҳарбий-мусиқа академик лицейининг 3 бирлик ишчи ва хизматчи лавозимлари офицерлик лавозимларига ўзгартирилади;

д) Ҳарбий-мусиқа академик лицейи ишчи ва хизматчилари ходимларининг базавий тариф ставкалари (меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткаси бўйича лавозим маошлари) 2020 йил 1 январдан бошлаб:

• директор ва унинг ўринбосарлари, умумий ва ўрта махсус таълими ўқитувчилари, концертмейстерлари, ўқув ва маънавият бўлими ходимлари, оркестр дирижёрлари учун – 5 баробар;

• тўгарак (секция) раҳбари ва психологлар учун – 3 баробар;

• ахборот-ресурс маркази (кутубхона), ахборот технология бўлинмаси, бухгалтерия ходимлари, ёшлар иттифоқи етакчиси, тарбиячи, ёрдамчи тарбиячи ва лаборантлар учун – 2 баробар миқдорда оширилади;

е) 2020 йил 1 январдан бошлаб Ҳарбий-мусиқа академик лицейида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминотига уларнинг лавозим маошининг 50 фоизига тенг миқдорида ҳар ойлик устама тўланади;

ж) Ҳарбий-мусиқа академик лицейининг ишчи ва хизматчиларига Ўзбекистон Республикасида мавжуд академик лицейларнинг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари қўлланилади ҳамда улар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланади;

 з) Ҳарбий-мусиқа академик лицейи битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи (шу жумладан ижодий имтиҳонлар) миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади;

и) Ҳарбий-мусиқа академик лицейи Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Акбаржон Абдураимов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 14
Рейтинг: 2.9
t
×