Миллий ғоя деганда лабига учуқ тошаётганлар ҳам йўқ эмас – Мирзиёев
Жамият
−
20 Январь 2021
7692Хабарингиз бор, кеча, 19 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда давлат раҳбари мафкура ва маънавият борасида фикрларини билдириб, баъзилар ҳамон советча қарашда қолиб кетганини урғулади.
“Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоянинг, маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаганлар, маънавият керакми-йўқми деб юрганлар ҳам йўқ эмас.
Миллий ғоя деганда эски совет мафкурасини тасаввур қилиб, лабига учуқ тошаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳам ҳақиқат.
Лекин агар мафкура одамий бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилса, нима учун ундан қўрқишимиз керак?
Ҳамма ҳаракатларимизнинг асоси – халқимизни рози қилиш. Шу муносабат билан таъкидлаб айтмоқчиман, биз яратилаётган Янги Ўзбекистоннинг мафкураси – эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади.
Биз мафкура деганда аввало фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз.
Албатта, бу юксак ғоялар осмондан тушмаган. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”, дейди Шавкат Мирзиёев.