Миллионер бўлиш учун ўзбеклар неча йил ишлаши керак?
Таҳлил
−
19 Апрель 2023
10388Доллар ҳисобида миллионер бўлиш учун неча йил ишлашингиз керак? Ўзбекистон шароитида миллион доллар топишнинг имкони борми? Ҳа, бор – фақат бунинг учун бир қанча йиллар тинмай меҳнат қилишингизга тўғри келади.
Бутун дунё бўйлаб харидорларга пул тежаш учун ёрдам беришга мўлжалланган, жаҳоннинг 44 мамлакатида фаолият олиб борувчи онлайн ақлли савдо платформаси бўлган “Picodi.com” портали турли мамлакатлар одамларининг ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда, миллион доллар ишлаб топишлари учун неча йил керак бўлишини ҳисоблаб чиқди.
Демак, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро 1 миллион доллар пул ишлаб топиши учун неча йил керак? Диққат қилинг – нақ 277 йилу 8 ой!
Сўнгги маълумотларга кўра, ўртача ойлик иш ҳақи 3 миллион 892 минг сўмни ташкил этувчи ўзбекистонликлар 277 йилу 8 ой тинимсиз меҳнат қилса, пулини йиға олса, касал бўлмаса ва энг муҳими ўлмаса ойлик маоши ортидан миллионер бўла олади.
Нашр томонидан эълон қилинган рейтингга дунёнинг 102 мамлакати киритилган. Рўйхатнинг энг юқорисида Швейцария жойлашган бўлиб, бу мамлакат фуқаросига бир миллион доллар ишлаб топиши учун атиги 14 йил ва 3 ой кифоя қилади. Иккинчи ўринни 16 йилу 11 ойлик кўрсаткич билан Сингапур эгаллаб турибди. Люксембург аҳолиси ҳам миллонер бўлиши учун ўзбекистонликлардек сал кам уч аср меҳнат қилиши шарт эмас. Уларга 17 йилу 4 ой кифоя. Кучли бешликка фуқаролари 19 йил 10 ой ишлаб миллионер бўлувчи АҚШ ва 20 йил 11 ой ичида миллион доллар топа оладиган Исландия ҳам киритилган.
Рейтингга киритилган бошқа давлатлар натижасига қарайдиган бўлсак, Россия 60-ўринни эгаллаган. Мамлакатда ўртача иш ҳақини олиб, 136 йилу 10 ойда миллион доллар ишлаб олиш мумкин. Арманистон 63-ўрин (148 йилу 8 ой), Беларусь 68-ўрин (165 йилу 10 ой), Қозоғистон 69-ўрин (171 йил), Грузия 70-ўрин (172 йилу 8 ой), Озарбайжон 87-ўрин (228 йилу 8 ой) ва Ўзбекистон 91-ўринда.
Ҳарқалай, 102 та мамлакат иштирок этган рейтингда ҳеч бўлмаса, 11 та давлатдан олдинда турибмиз. Ўзбекистондан ортда бўлган мамлакатлар қаторида Тунис, Колумбия, Камбоджа, Зимбабве, Жазоир ҳамда Бангладеш бор. Улар ҳам росмана бойиш – 1 миллион доллар топиш учун 3 асргача ва ундан зиёдроқ тер тўкиши керак.
Шунингдек, Нигерия (519 йилу 1 ой), Уганда (523 йил 3 ой), Миср (603 йил 6 ой) ва Покистон (621 йилу 3 ой) аҳолиси миллион доллар ишлаб топиши учун 500 йилдан ортиқ вақт керак бўлади.
Давлатларнинг мазкур рейтингда нечанчи поғонада туриши уларнинг ўртача иш ҳақи рейтингида нечанчи ўринда туришига бевосита боғлиқ.
Ҳаёт сифати, уй-жой кўрсаткичлари, жиноятчилик даражаси, соғлиқни сақлаш ҳамда транспорт сифати ва бошқа статистик маълумотларни тақдим этиб келувчи дунёдаги яшаш нархининг энг катта маълумотлар базасини ўзида жамлаган Numbeo порталига кўра, Ўзбекистон ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи бўйича 105 та мамлакат ичида 92-ўринни эгаллаган. Гарчи бу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан бироз яхшиланган бўлсада, бу ўринни натижа дейишнинг ўзи қийин.
Порталдаги сўнгги маълумотларга кўра, ўртача иш ҳақи 304 доллар бўлган Ўзбекистонда тўрт кишидан иборат оиланинг ойлик харажатлари ижарасиз 1,5 минг долларни ташкил қилади.
Бир кишининг ойлик харажатлари эса ижарасиз 424,4 долларни ташкил қилиб, бу унинг даромади харажатларидан кам эканини англатади.
Ўртача иш ҳақи рейтинггида энг юқори ўринларни яна Швецария, Сингапур, АҚШ, Исландия, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Дания, Австралия, Нидерландия, Норвегия ва Канада эгаллаб турибди. Саналган мамлакатларда ўртача иш ҳақи – 3 минг доллардан 6 минг долларгача.
Марказий Осиёдан фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон киритилган ушбу рейтингда қўшни Қозоғистон Ўзбекистондан 21 поғона олдинда турибди.
Шунингдек, Қозоғистон аҳолига пенсия тўлаш бўйича ҳам МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистондан анча олдинда. “Спутник” нашри эълон қилган рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда ўртача пенсия пули 94 долларни ташкил қилади. Озарбайжонда бу кўрсаткич 249 доллар, Қозоғистонда 244 доллар, Россияда 238 доллар ва Беларусда 211 долларни ташкил қилади.
Шунингдек, Молдова, Украина, Арманистон, Грузия ҳам пенсия пули бўйича тузилган рейтингда Ўзбекистондан олдинда туради.
Бунда фақат Қирғизистон ва Тожикистон Ўзбекистондан ортда бўлиб, уларда ўртача пенсия пули 89 ва 29 долларни ташкил қилади.
Хуллас, бўлажак пенсионерлар ва миллионерлар QALAMPIR.UZ’ни кузатишда давом этинг. Олдинда сизни ўзингиз ҳақингиздаги ўзингиз билмаган маълумотлар кутиб турибди.
LiveБарчаси