Миллиардлар ёниб кетди
Таҳлил
−
22 июл 4706 7 дақиқа
Бироз олдин Европага “Бизга ҳужум қилишяпти, тинч аҳолимизни ўлдиришяпти”, деб йиғлаб қурол сўраган Украина Президенти Владимир Зеленский, 18 июль куни урушга умуман дахли бўлмаган Россиядаги Wildberries омборларига зарба бергани билан мақтанмоқда. Албатта, қидирса баҳона ҳам топилади. Украинанинг важига кўра, бу омборлардан дрон ва навигация ускуналарини сақлаш ҳамда етказиб бериш мақсадида фойдаланилган. Табиийки, Москва томони буни рад этмоқда. Аммо энди бу даъволарнинг қай бири тўғрилигини билиб бўлмайди. Чунки омборлар аллақачон ёниб кетган, улардан фақат хароба ва катта зарар кўрган чакана сотувчилар қолди.
Ўт ичида қолган WB
Wildberries нафақат Россиядаги, балки бутун МДҲдаги энг йирик онлайн дўкон. Миллионлаб чакана сотувчилар ва кўплаб йирик фирмалар билан ҳамкорлиги унинг бутун мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти қай даражада эканини кўрсатади. Балки айнан шунинг учун ҳам Киев энди ушбу тармоқнинг омборларини нишонга олаётгандир.
Илк ҳужум жорий йилнинг 18 июлига ўтар кечаси Россиянинг Тамбов ва Москва вилоятларидаги логистика марказларига йўналтирилди. Украина дронларининг ҳужуми оқибатида 10 га яқин киши ҳалок бўлди, кўплаб одамлар жароҳатланди.

Тамбов вилоятининг Котовск шаҳридаги Wildberries логистика марказига берилган зарба ҳақида вилоят губернатори Евгений Первишовнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида тунги сменада ишлаган 7 нафар ходим ҳалок бўлган. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 25 киши жабрланган. Улардан 22 нафари шифохонага ётқизилган, 5 нафари оғир аҳволда, яна 3 кишига амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилган.
Wildberries матбуот хизмати дронлар компаниянинг Москва вилоятидаги Электросталь шаҳрида жойлашган логистика марказига ҳам ҳужум қилганини маълум қилди. Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёвнинг билдиришича, ушбу ҳужум оқибатида 24 киши жароҳат олган, уларнинг бир қисми оғир аҳволда.
Жабрланганлар орасида Марказий Осиё, жумладан, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Тасдиқланган манбаларга кўра, Қирғизистон Республикасининг икки фуқароси Н.А. ва Ж.А. турли даражадаги тан жароҳатлари олган ва ҳозирда улар Электросталь шаҳридаги шифохонада даволанмоқда. Бундан ташқари, омборларда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳам ишлагани айтилмоқда.
Дастлабки ҳужум ҳақида Владимир Зеленский ўзининг X саҳифасида Украинанинг ҳарбий имкониятлари билан мақтаниб пост жойлади. Унга кўра, ушбу ҳужумлар Россиянинг Украина ҳудудидаги тинч аҳоли пунктларига қилган ҳужумларига жавобан уюштирилган.
“Россиянинг фуқаролик инфратузилмамиз, шаҳар ва аҳоли пунктларимизга уюштираётган ҳужумларига жавобан Москва ва Тамбов вилоятларидаги икки йирик логистика объекти нишонга олинди. Ушбу объектлар фронт чизиғидан мос равишда 500 километрдан ва қарийб 700 километрдан ортиқ масофада жойлашган эди”, деб ёзади Зеленский.
Шунингдек, у постида бу омборлардан дронлар ишлаб чиқаришда ва навигация ускуналарини етказиб беришда фойдаланилганини даъво қилган.
Аммо 21 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Киевнинг даъволари ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди ва Украина кучларини урушга дахли йўқ тинч объектларга ҳужум қилишда айблади. Бундан ташқари, Россия Тергов қўмитаси мазкур ҳужумлар юзасидан Жиноят кодексининг 205-моддаси, яъни террористик ҳаракатларни содир этиш бўйича жиноят ишларини очган.

Иккинчи ҳужум 21 июлдан 22 июлга ўтар кечаси содир этилди. WB компанияси асосчиси ва директори ёки янги тил билан айтганда CEO Татьяна Кимнинг айтишича, тунда Краснодар ва Невинномискдаги омборларга ҳужум қилинган. Краснодар вилояти губернатори Вениамин Кондратьевнинг маълум қилишича, омбор мажмуасига уюштирилган ҳужум оқибатида 10 киши жароҳатланган.
“Оддий одамларга, ходимларимизга, шунчаки ўз ишини қилаётган инсонларга қилинган ҳужумлар натижасида юзага келган барча ҳис-туйғуларни сўз билан ифодалашнинг иложи йўқ”, деб ёзган Татьяна Ким ўзининг Telegram каналида.
Россия истеъмол бозорида муҳим ўрин тутадиган компанияга қилинган ушбу ҳужумлар Киевнинг узоқ масофали дронлардан фойдаланиш стратегияси кенгайиб бораётганини кўрсатади. Мақсад – Россиянинг уруш олиб бориш салоҳиятига путур етказиш ва Кремлни тинчлик музокараларига мажбур қилиш учун босимни кучайтириш. Аммо бу йўлда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайдиган ва урушга умуман алоқаси йўқ бўлган корхоналарга тасдиқланмаган баҳоналар билан ҳужум қилиш урушни фақат ва фақат кенгайтиради. Бундан ташқари, WB каби кўплаб оддий аҳолининг рўзғор тебратишига кўмаклашиб турган улкан корхонага зарба бериш инсонийликка ҳам, унутилган уруш қонунларига ҳам зид.
Компенсация бериладими?
Тасодифми ёки олдиндан қилинган ақлли режами, буни айтиш қийин. Аммо WB бироз аввал, 7 июль санасидан бошлаб, учувчисиз аппаратлар ҳужуми, ракета зарбалари ёки бошқа ҳарбий ҳаракатлар оқибатида омборларда шикастланган ёки йўқ қилинган маҳсулотлар учун сотувчиларга компенсация тўламаслигини эълон қилган эди. Бошқача қилиб айтганда, агар маҳсулот омборда турган пайтда Украина дронларининг ҳужуми оқибатида ёниб кетса ёки бутунлай йўқ бўлса, компания уни қоплаб беришга мажбур эмас. Буни қарангки, орадан 11 кун ўтиб, Украина дронлари бирин-кетин тармоқнинг омборларига ҳужум қила бошлади.
Конспирологияларни четга суриб фикр юритадиган бўлсак, мазкур ўзгариш Россия ҳудудига уюштирилаётган узоқ масофали дрон ҳужумлари кескин кўпайган бир пайтда кучга кирди. Бундан кўриниб турибдики, тармоқ раҳбарияти ҳам эҳтимолий ҳужумлардан хавотир олиб, олдиндан шартнома шартларини янгилаб қўйган.
Шундай бўлса-да, эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Ижтимоий тармоқларда WB раҳбарияти ҳужумларни олдиндан билган, Россия ҳам халқаро майдонда ўзини жабрланаётган қилиб кўрсатиш ва Украинани тинч объектларга ҳужум қилишда айблаш учун бунга қўйиб берган деган гумонлар тарқала бошлади.
Янги шартнома кучга кириши билан энг катта зарба marketplace орқали савдо қилувчи тадбиркорларга тегди. Уларнинг аксарияти ўз маҳсулотларини компания омборларига топширгач, уларнинг хавфсизлиги учун платформа жавоб беради, деган қарашда эди. Эндиликда эса уруш билан боғлиқ хавфлар тўлиқ ёки деярли тўлиқ сотувчилар зиммасига юкланмоқда.
Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, айрим тадбиркорлар омборда йўқолган товарлар туфайли юз минглаб, ҳатто миллионлаб рубль зарар кўрган. Кичик бизнес эгалари учун эса бундай йўқотиш фаолиятни давом эттириш имкониятини ҳам хавф остига қўймоқда. Сотувчилар янги шартнома уруш хавфини компаниядан бизнес вакилларига ўтказаётганини таъкидлаб, бунга норозилик билдирмоқда. “Forbes” маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида сотувчилар 150 млрд рубль зарар кўрган бўлиши мумкин.

Бироқ бош директор Татьяна Ким вазиятни юмшатиш мақсадида компания янги шартнома бўйича ҳарбий ҳаракатлар оқибатида зарар кўрган маҳсулотларни қоплашга расман мажбур бўлмаса-да, сотувчиларни ёлғиз қолдирмаслигини маълум қилди.
“Биз учун энг муҳими – ҳамкорларимиз имкон қадар тезроқ ишини тиклаши. Бунинг учун биринчи қадам сифатида сақлаш хизматлари ва транзит логистикаси бўйича имтиёзлар жорий қиляпмиз”, деди Татьяна Ким.
Унинг таъкидлашича, компания ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқишга ва имкон қадар тадбиркорларга ёрдам беришга ҳаракат қилади. У илгари ҳам фавқулодда вазиятларда айрим сотувчиларга индивидуал ёрдам кўрсатилганини эслатиб, бундай амалиёт келгусида ҳам давом этиши мумкинлигини билдирган. Бироқ бу ёрдам энди шартнома билан кафолатланмайди, балки компаниянинг ички қарори ва имкониятларига боғлиқ бўлади.
Аммо, компаниянинг ўзи ҳам катта зарар кўрганини инобатга олсак, бу ёрдамлар қай даражада бўлишини таҳмин қилиш мумкин. “Коммерсантъ” ва “Forbes” манбаларининг ҳисоб-китобларига кўра, омборларни қайта тиклаш – квадрат метри учун 60 минг рублдан 100 минг рублгача тушиши мумкин, бу эса умумий ҳисобда 22 миллиарддан 36 миллиард рублгача бўлган суммани ташкил этади.
Умуман олиб қараганда, уруш аллақачон фронт чизиғидан ташқарига чиқиб кетди. Россиянинг классик ҳарбий ҳаракатлари Украина ҳудудида давом этаётган бўлса, Украина биргина замонавий дрон технологиялари билан Россиянинг ичидаги инфратузилмаларига хавф солмоқда. Нефть омборлари, ҳарбий базалар ва энди шунчаки тижорат тармоқларининг омборлари. Агар уруш ҳали тугамаса, балки Украина тўғридан-тўғри Кремлга ҳам ҳужум қилиши мумкин. Буни энди вақт кўрсатади.
Live
Барчаси