Миграция инқирози: Беларусда қанча муҳожир қолгани айтилди 

Олам

image

Беларусдаги муҳожирлар ўз ватанларига қайтишни бошлади, бироқ 10 мингдан ортиғи ҳали ҳам мамлакатда. Бу ҳақда Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий Ригада Латвия ҳукумати раҳбари Кришьянис Кариньш билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.  

“Бир неча минг киши, жами 10 мингдан ортиқ киши ҳали ҳам Беларусь ҳудудида қолмоқда. Ўз мамлакатларига қайтишни истаган бир неча юзлаб муҳожирлар бўлган биринчи транспорт ушбу мамлакатларга қайтиб келди”, деган Моравецкий. 

Қайд этилишича, Польша ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, охирги икки кун ичида муҳожирлар Беларусь ҳукумати томонидан чегара чизиғидан логистика марказларига ўтказилгани Беларусь раҳбарияти бу одамлардан сиёсий мақсадларда фойдаланаётганидан далолат беради. 

“Бу муҳожирлар Минск ҳукумати қўлида қуролга айланганини кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, биз аллақачон 400 га яқин контрабандачини қўлга олдик. Булар турли миллат, жумладан, Ғарбий Европа ва Яқин Шарқ вакиллари”, деган Польша Бош вазири. 

Беларусь-Польша чегарасидаги вазият жорий йилнинг 8 ноябрь куни ёмонлашди. Польша расмийларига кўра, 15 ноябрга қадар 3,5 мингга яқин муҳожир Беларусь томонида “Брузги” — “Кузница” ёпиқ чегара ўтиш жойи яқинида қолган. Улар у ерда лагер ташкил қилган. Сўнгги маълумотларга кўра, муҳожирлар лагерни тарк этган.  

Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек АҚШ ва Буюк Британия Беларусь ҳукуматини инқирозни кескинлаштиришда айблади. Беларусь Давлат чегара қўмитаси, ўз навбатида, Польшани инқирозли вазият яратиб, муҳожирларни Беларусь чегарасига суриб қўйганликда айблади. Минск бўлаётган воқеалар Варшаванинг “бефарқлиги ва ғайриинсоний муносабати” туфайли юзага келган, деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Польша Беларусь

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг