Мигрантларга қарши рейдлар сабаб Чикаго кўчалари бўшаб қолди
Олам
−
29 Январь
9389Аввал гавжум бўлган Чикаго кўчалари АҚШ Президенти Дональд Трамп сиёсати доирасида бошланган ноқонуний мигрантларга қарши рейдлар туфайли бўм-бўш бўлиб қолди. Кўплаб шаҳар аҳолиси қўлга олиниб, депортация қилинишдан қўрқиб уйларидан чиқмаяпти. Бу ҳақда маҳаллий WBEZ Chicago радиостанцияси хабар берди.
“Чикагодаги Ист-Сайд ҳудудида – Индиана штати билан чегарага яқин жойдаги 106-кўчани қўрқув ва сукунат қоплади. Илгари гавжум бўлган савдо ҳудуди ҳозир бўм-бўш. Шаҳар бўйлаб якшанба куни бошланган кучайтирилган иммиграцион назорат кўплаб аҳолини уйда қолишга мажбур қилди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Ист-Сайд тумани аҳолисининг 80 фоизини мексикаликлар ташкил қилади ва у ер узоқ йиллардан буён янги келган муҳожирлар учун бошпана бўлиб келган. Маҳаллий ресторанлардан бирининг менежери Хуан Васкес WBEZ радиосига берган интервьюсида мижозларининг аксарияти лотин америкаликлар эканини ва улар ҳозир келишга қўрқаётганини айтган. Шунинг учун у яқин кунларда фақат етказиб бериш хизматига ўтишига тўғри келишини таъкидлаган.
“Бу маҳаллий иқтисодиётни издан чиқаради, чунки одамлар кўчага чиқишга қўрқяпти. Кимдир ишга ёки дўконга чиқса ҳам, оиласи ёнига қайтиб боришига кафолат йўқ”, дейди у.
Бунга қадар “New York Post” газетаси манбаларга таяниб, Трамп администрацияси ноқонуний мигрантларни қўлга олиш квотасини кунига 1,8 минг кишига оширганини хабар қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Божхона ва чегара назорати хизмати (ICE) ходимлари жорий йил 26 январь куни жами 1 179 кишини ҳибсга олгани ва бу расмий Х платформасида эълон қилинган 956 киши ҳақидаги маълумотдан анча кўп экани хабар қилинганди.
LiveБарчаси