Россия дрони НАТО чегарасини бузди, Нетаньяху Қатарга дағдаға қилди, АҚШ дунё бошқарувини бой бермоқда, Непалда болалар ҳукуматни ағдарди – Midweek
Таҳлил
−
11 Сентябрь 4235 13 дақиқа
Қатар пойтахтга қилинган ҳужум учун Тель-Авивга жавоб қайтаришга ваъда берди, Нетаньяху эса қатарликларга таҳдид қилди.
Россия Украинани нишонга олиш ўрнига НАТО аъзоси бўлган Польшага дрон учириб қўйганини тан олмаяпти. Бу орада эса дунёдаги энг қудратли ҳарбий альянсдаги жавоб тизими жуда сустдек кўринмоқда.
Юқоридаги икки воқелик билан Владимир Путин ва Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампнинг обрўсини бир пул қилди. Бугунги Оқ уй жавоб бериши ёки назорат қилиши керак бўлган ишларда эҳтимол тарихдаги энг ожиз ҳолатига тушди.
Осиёда яна янги “баҳор”. Непалда ёшлар бутун бошли ҳукуматни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Ҳатто армия ҳам 18-25 ёшлар атрофидаги йигит-қизлар билан келишишга ҳаракат қилмоқда.
Ҳафтанинг ўртасигача жаҳонда содир бўлган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастурида танишинг.
Нетаньяху Қатарга таҳдид қилди
9 сентябрь куни Исроилнинг томонидан Доҳада ҲАМАС еткачиларига зарба берилиши узоқ йиллик зиддият ва мураккабликларга сабаб бўлиш эҳтимоли юқори. Вазият анча жиддий тус олди. Ҳужум ҲАМАС раҳбарларига қаратилгани энди муталақо иккинчи планга ўтган. Чунки Исроил бу ишни Қатар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказиш орқали амалга оширди. Ўзга давлат пойтахтига зарба берилишига аслида бундан бошқа изоҳ ҳам йўқ. Расмий Доҳа энди Исроилнинг бу ҳаракатини жавобсиз қолдирмоқчи эмас. Умуман олганда, Қатар жорий йил ҳисобига ўзига алоқадор бўлмаган можаролар оқибатида иккинчи бор ҳужумга дучор бўлди. Биринчиси июнь ойи охирида Исроил-Эрон уруши пайтида АҚШнинг Эрон ядро иншоотларига берган зарбаси ортидан Қатардаги Ал Удейд ҳарбий базасини нишонга олиниши эди. Жараёнга умумий назар ташланса, Қатардаги мазкур хавфсизликка таҳдидларнинг ортида айнан шу АҚШнинг Ал-Удейд базаси ётибди дейиш мумкин. Бу ҳарбий комплекс Қатарга ўтган давр мобайнида қанчалик ёрдам бергани номаълум, аммо зарар қандай бўлаётганини бутун дунё кўриб турибди.
Қатар расмийлари эса мазкур ҳолатда ишни Исроилдан бошламоқчи. Бош вазир Жассим Ол Соний Қатар ўз суверенитетига қаратилган ҳар қандай ҳужумни қабул қилмаслиги ва уни бузганларга қарши жавоб чорасини қўллашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Қатар Исроил зарбаларига фақат битта чора билан эмас, балки турли йўллар билан жавоб қайтаради ва келажакда бундай ҳужумларнинг олдини олиш учун ҳаракат қилади. Шу мақсадда, дипломат Муҳаммад бин Абдулазиз ал-Хулайфий раҳбарлигида ҳуқуқий чораларни ишлаб чиқадиган махсус гуруҳ тузилган. Доҳа аллақачон ўзига дўст бўлган мамлакатлар билан боғланган ва тез орада жавоб чораларини эълон қилади.
Демак, дастлабки эҳтимолий жавоб чоралари энг камида санкцияларни ўз ичига олиши мумкин. Бундан ташқари, энди Қатар Нетаньяхуга қарши кескин риторик позицияга ўтди. Доҳа уни халқаро ҳуқуқ нормаларига тупуриб қўйгани, бутун минтақани ўта оғир оқибатларга етклаб бораётгани ва тинчликка эришиш бўйича барча уринишларни йўққа чиқарганини таъкидлади. Қатар музокараларда иштирок этаётган давлатда воситачиларни ўлдиришга уринишни “ахлоқсизлик ва хиёнат” деб атамоқда.
Энди эса шу ўринда савол туғилади. Эрон ҳам жорий йилда Ал-Удейдга зарба берган, ўшанда ҳам Қатар энг камида жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини эслатганди. Якунда эса ҳеч нарса бўлмади дейиш мумкин. Аммо Эрон ва Исроилнинг Қатар билан гаплашиш жараёни мутлақо бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Эрон Қатардаги АҚШ базасига зарба берганда “бу ҳужум дўст мамлакат аҳолисига эмас, балки АҚШ ҳарбий комплексига йўллангани”ни айтиб вазиятни юмашатишга ҳаракат қилганди. Исроил эса буни мутлақо тескарисини қилмоқда. Нетаньяху Қатарга ҳатто ультиматум қўйишдан ҳам таб тортмади. Доҳага қилинган ҳужумдан сўнг, у 2001 йил 11 сентябрь куни эгизак биноларга қилинган терактни хотирлашга бағишланган баёнотида ҲАМАСга жой берган Қатар ва бошқа мамлакатларга очиқдан-очиқ таҳдид қилди. У мазкур давлатлардан ҲАМАСни чиқариб юборишни талаб қилиб, агар бу иш бажарилмаса, Исроил буни шахсан ўзи қилиши ҳақида огоҳлантирди.
“Қатарга ва террорчиларни яширган барча давлатларга айтаман: уларни чиқариб юборинг, ёки жавобгарликка тортинг. Агар буни қилмасангиз, биз буни ўзимиз қиламиз”, деди Нетаньяху.
НАТО ва Россия урушга жуда яқин эди?
10 сентябрга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Ивано-Франковск, Хмелницкий, Житомир вилоятлари, шунингдек, Винница ва Львов шаҳарларига зарба берди. Аммо аниқлик борасида улар жуда жиддий ва қалтис хатоликка йўл қўйди. 10 дан ортиқ дрон Украинадаги нишонларга эмас, балки НАТОга аъзо ҳисобланмиш Польшага тушгани ҳақидаги хабарлар дастлаб катта саросимага сабаб бўлди. Польша биринчи марта ғарбий Украинанинг Россия томонидан нишонга олиниши вақтида мамлакат ҳаво ҳудудини бузган дронларга қарата ўт очди. Польша армияси бу ҳодисани “тажовуз ҳаракати” деб атади. Польша Қуролли кучлари оператив қўмондонлиги мамлакат ҳудудига учиб келган бир нечта дронлар йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Мамлакат Бош вазири Дональд Туск дронлар Россияга тегишли эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар “тўғридан тўғри хавф туғдирувчи” дронларни уриб туширган. 10 сентябрь куниёқ Россиянинг Варшавадаги Муваққат ишлар вакили Андрей Ордаш мазкур дронлар ортидан Польша Ташқи Ишлар вазирлигига чақирилди. Дипломат Польша расмийларининг ўз ҳудуди узра уриб туширилган учувчисиз самолётларни Россия тарафидан экани ҳақидаги баёнотларини асоссиз деб атаб, дронларни Россияга тегишли экани ҳақида ҳеч қандай далил келтирилмаганини таъкидлаган.
Ушбу ҳолатда НАТО самолётлари альянс ҳаво ҳудудидаги эҳтимолий таҳдидларга биринчи марта қаршилик кўрсатди. Тунги операцияда Польшанинг F-16 қирувчи самолётлари, Нидерландиянинг F-35 самолётлари ва Италиянинг радар разведка самолётлари иштирок этди. Ҳудудда жойлаштирилган Patriot ҳаво мудофаа тизимлари радарда учувчисиз учоқларни аниқлади, аммо ушбу мудофаа қуроли ишлатилмаган.
Барчага маълум, Польша НАТО аъзоси бўлгани учун унга қарши ташқи таҳдид бўлса, альянс таркибига кирувчи барча давлатлар бирдек сафарбарлик эълон қилади. Чегарани бузгани айтилган дронлар эса хавфли ва тажовузкор деб топилганига қарамай, НАТО буни тўғридан тўғри ҳужум деб ҳисобламади.
Польша Бош вазири Дональд Туск НАТО иттифоқчилари ва НАТО Бош котиби Марко Рютте билан доимий алоқада эканини айтди. Франция Президенти Эммануэль Макрон дронларнинг Польша ҳаво ҳудудида пайдо бўлишида Россияни айблаган бўлса, Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас дронларнинг Польша осмонида “тасодифан” пайдо бўлганига шубҳа қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги эса ҳеч қандай нишонни йўқ қилиш режалаштирилмаганини маълум қилди. Қайд этилишича, расмий Москва Польша Мудофаа вазирлиги билан дронлар мавзусида маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёр. Вазирликнинг таъкидлашича, зарбада қўлланган рус дронларининг максимал парвоз масофаси 700 километрдан ошмайди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бўлса: "Провокацияларда айбловлар ҳар куни айтилади, бироқ Европа Иттифоқи ва НАТО кўпинча далиллар келтиришга ҳатто уринмайди”, дея жавоб қайтарди. Унинг сўзларига кўра, Кремлга Польша расмийларидан дронлар билан боғлиқ масала бўйича ҳеч қандай сўров бориб тушмаган.
Трамп “ҳеч ким”га айланмоқда
Юқоридаги икки ҳолат: Польша ҳаво ҳудудини бегона учоқлар кесиб ўтгани, Қатарга қилинган ҳужум Трампнинг ташқи сиёсатдаги имиджини булғади. Лекин Яқин Шарқда Исроил томонидан АҚШнинг муҳим манфаатларини инобатга олмасдан амалга оширилган ҳужум Трамп учун яна бир шармандаликка айланди. У эса бу ҳолатдан норози эканини билдиришдан наригига ўта олмади. Бу эса Оқ уй бугун сайёранинг "сиёсий ядроси" эмаслигидан далолат беради.
Таҳлилчиларга кўра, Яқин Шарқдаги воқеалар Трампнинг ички сиёсий обрўсига катта таъсир кўрсатмаслиги мумкин, аммо Доҳадаги ҳужум Трампнинг “қаттиққўл етакчи” сифатида гавдаланишига путур етказади. Чунки бу ҳужум АҚШнинг энг муҳим иттифоқчиларидан бири – Қатарнинг суверенитетини очиқдан-очиқ поймол қилди. Қатар эса Ғазода ўт очишни тўхтатиш режаси бўйича музокараларни айнан Оқ уйнинг илтимоси билан олиб бораётган эди.
Бу нафақат Трамп учун шахсий ҳақорат, балки АҚШнинг хавфсизлик манфаатлари устидан Нетаньяҳунинг мақсадларини устун қўйиш бўлди. CNN'нинг хабар беришича, Оқ уйда айрим амалдорлар қаттиқ ғазабга тушган, чунки ҳужум Нетаньяҳунинг маслаҳатчиси Рон Дермер 8 сентябрь куни Трампнинг элчиси Стив Уиткофф билан учрашганидан кейин рўй берган, аммо учрашувда бу режа ҳақида бир сўз ҳам айтилмаган.
Шунингдек, Қатарга ҳужум Ғазодаги масалага сиёсий ечим орқали барҳам бериш умидини йўққа чиқариши мумкин. Бу эса қолган гаровдаги исроилликлар учун ҳам дахшатли оқибатларга олиб келиши эҳтимоли йўқ эмас.
Экспертлар АҚШ учун қатор салбий оқибатларни келтириб ўтмоқда. Масалан, Қатарга қилинган ҳужум Трампнинг “нейтрал воситачи” сифатидаги нуфузини йўққа чиқариши ва Қатарни музокаралардан четга чиқишга мажбур қилиши мумкин. Чунки Қатар Бош вазири Исроил ҳужумини “терроризм” деб атади. Бу эса жиддий сигнал. Шунингдек, Қатар ўзини АҚШ дипломатик манфаатлари учун йиллар давомида хизмат қилган давлат сифатида кўрарди. Ҳужум эса улар учун хиёнат сифатида қабул қилиниши эҳтимоли ошиб бормоқда. Шу боис, бу ҳолат Трампнинг Яқин Шарқдаги шахсий ва сиёсий манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, Иброҳим келишувларини кенгайтириш режаси ҳақида энди ўйлаб ҳам ўтирмаса бўлади. Оқ уй учун бунданда ёмон сценарий эса Яқин Шарқ минтақасидаги бошқа давлатлар ҳам: “Исроил Қатарда бундай ишни қила олса, эртага бизга ҳам ҳужум қилмасмикин?” деган савол қўя бошлаши табиий. Чунки Доҳада чўл ҳудудида жойлашган АҚШнинг энг катта базаси – Ал-Удейд Қатар суверенитетининг шундай шармандали тарзда бузилишига тўсқинлик қилолмади. Таҳлилчилар бу ҳолат бошқа Кўрфаз давлатлари ва дунё бўйлаб АҚШ иттифоқчилари учун ҳам савол туғдиришини таъкидламоқда. Уларга кўра, АҚШнинг хавфсизлик кафолатлари ҳақиқатдан ҳам ишончлими, деган иккиланиш энди янада кучли авж олади.
Осиёда ёшлар уйғонди
Жорий ҳафтада Ҳимолай тоғларидаги камбағал давлат бутун дунё эътиборига тушди. У ерда ҳукуматга қарши бош кўтарган 1997-2012 йиллар оралиғида туғилган Z-авлод вакиллари, яъни ёшларнинг намойишлари ортидан Бош вазир истеъфога чиқди. Гап Непал ҳақида кетмоқда.
Катмандудаги сиёсий муассасаларнинг ёнаётган вайроналарини кўрган кўпчилик буни Z-авлод норозилигининг бошланиши бўлганини айтмоқда. Қизиқ томони шундаки, бу қонли, инқилобий ҳаракатларнинг асл келиб чиқиши олти ой олдин мактаб аудиториясида 16 ёшли Авишкар Раут исмли бола ингилиз тилида "гитлерча" нутқ сўзлаб, Непалдаги муаммоларни баралла айтганига бориб тақалади. Ўшанда у мамлакатдаги ишсизлик ва иқтисодий имкониятлар пастлигини сиёсий партияларнинг ўйинларига боғлаганди. Доимий йиллик мурожаат сифатида бошланган ушбу нутқ Непалнинг сиёсий уйғонишида ҳал қилувчи лаҳзага айланди.
Сентябрь ойи бошида Непалда норозиликлар бошланди. Ёш непалликлар сиёсатчиларнинг фарзандлари бренд сумкалари ва қимматбаҳо саёҳатларини ижтимоий тармоқларда намойиш этиб турганини кўриб чарчаганди, ҳолбуки оддий халқ кун кўриш учун курашаётган эди. Ёшлар орасида ишсизликнинг кучайиши ва иқтисодий имкониятларнинг йўқлиги сабаб кўп йиллардан бери ғазаб йиғилиб келаётган эди. Бу элита ва оддий одамлар орасидаги катта фарқ билан ҳам боғлиқ эди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакатда 2024 йилда 15-24 ёшли ёшлар орасида ишсизлик 20,8% ни ташкил этди. Бу кўпчилик ёшларни хорижда иш излашга мажбур қилган. Непал ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмидан кўпи (33,1%) хориждан юбориладиган пулларга тўғри келади.
Ҳималайдаги 30 миллион аҳолига эга мамлакатда намойишга чақириқлар тез тарқалди. Ҳукуматнинг ўтган ҳафтада Instagram, Facebook, WhatsApp ва яна йигирмадан ортиқ ижтимоий тармоқларни тақиқлаши эса оловга ёғ пуркагандек бўлди. 8 сентябрь куни эрталаб Катманду марказидаги парламент биноси яқинида, Майтиғар Мандала ёдгорлиги олдида минглаб ёшлар, ҳатто мактаб формасидагилар ҳам йиғилди. Бироқ намойишлар тез орада назоратдан чиқди. Айримлар парламент дарвозасига чиқиб олди, полиция билан тўқнашди. полиция ўқ отди, сув сепди ва кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатди. Непаллик расмийларнинг айтишича, 8 сентябрдаги тўқнашувларда камида 19 киши ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди.
Зўравонликлар ортидан ички ишлар вазири ҳамда бир неча ҳукумат аъзолари истеъфо берди. 9 сентябрь куни намойишлар янада кенгайди. Ҳар хил ёшдаги одамлар комендантлик соатига қарамай кўчаларга чиқди ва ҳукуматнинг қонли тазйиқларига қарши турди. Шундан сўнг вазият янада оғирлашди. Намойишчилар дўкон ва муассасаларнинг ойналарини синдирди, ҳукумат биноларини ёқиб юборди. Зўравонликлар туфайли мамлакатнинг асосий халқаро аэропорти ёпилди. Олий суд ва Сингҳадарбар – ҳукумат вазирликлари жойлашган Катмандудаги кенг ҳукумат мажмуаси – ҳам ёнғинда вайрон бўлди. Сингҳадарбар устидан Непал байроғини кўтариб турган намойишчилар акс этган суратлар тарқалди. Бу манзара ўтган йили қўшни Бангладешда ҳукуматни ағдарган талабалар ҳаракатини эслатди. Ҳа, бир неча йиллардан бери Осиё минтақасида содир бўлаётган инқилобларни тармоқ фойдаланувчилари Осиё баҳори деб аташни ҳам бошлаган.
Непалга қайтадиган бўлсак, намойишчилар бош вазир Шарма Олининг шахсий уйини ҳам вайрон қилиб, мебелларни синдириб, кейин ёқиб юборди. 9 сентябрь куни Оли истеъфо берди. Унинг ёрдамчиси ижтимоий тармоқларда эълон қилган мактубида “мамлакатдаги ноодатий вазият” истеъфо учун сабаб сифатида кўрсатилган эди.
Катманду кўчаларида тутун қора булут бўлиб кўтарилар, аскарлар автомат кўтарган ҳолда қўриқлаб турган бир вақтда фуқаролар: “Энди нима бўлади?”, деган савол билан қолди. Президент Рамчандра Паудел тинч йўл билан ечимга келишга чақирди ва ёш намойишчиларни мулоқотга чорлади. Армия ҳам намойишчиларни музокараларда иштирок этишга чақирди. Бироқ намойишчиларнинг асосий қисми – 1997-2012 йиллар оралиғида туғилган Z-авлод вакиллари ягона етакчига эга эмас. Шу боис, расмийлар аниқ ким билан музокара қилиши ноаниқ.
Непалнинг 2015 йилги Конституциясига кўра, янги бош вазир парламентда кўпчиликка эга партиядан тайинланиши керак. Агар бирорта партия кўпчиликка эга бўлмаса, Президент кўпчилик қўллаб-қувватлай оладиган шахсни тайинлайди. У кейин 30 кун ичида ишонч овозини қўлга киритиши зарур. Агар бу амалга ошмаса: “Менда етарли овоз бор”, деб даъвогарлик қиладиган ҳар қандай аъзо тайинланиши мумкин. Лекин у ҳам ишонч овозини йўқотса, парламент тарқатилади ва сайлов ўтказилади. Бироқ йирик сиёсий партиялар етакчилари намойишчилар кўзида эътибордан қолган ва кўпчилиги яшириниб юргани боис, намойишчилар бу жараённи қабул қиладими-йўқми, ҳали ноаниқ.
Конституцияда вақтинчалик ҳукумат ҳақида қайд йўқ. Бироқ мутахассислар конституция нормаларини вақтинча четга қўйиб, намойишчилар вакиллари қабул қиладиган ҳукумат тузишни таклиф қилмоқда. Намойишчилар ёшлар орасида оммалашган икки номзодни илгари суриши мумкинлиги айтилмоқда. Биринчиси – 35 ёшли рэпер Балендра Шах. У 2022 йилда Катманду мэри этиб сайланган. Ёшлар уни шаҳарни тозалаш бўйича ҳаракатлари учун яхши кўради. Иккинчиси эса собиқ телевидение журналисти Раби Ламичхане. 2022 йилда “Раштрия Сватантра партияси”ни тузган. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, 9 сентябрь куни намойишчилар молияни суиистеъмол қилиш айби билан қамалган Ламичханени қамоқдан чиқариб олган.
ОАВ маълумотларига кўра, намойишчилар Конституцияни қайта ёзишни талаб қилмоқда. Непал 2008 йилда монархияни тугатиб, 2015 йилда янги Конституцияни қабул қилганди. Ўшанда ҳам унга қарши чиқишлар бўлган. Амалдаги ҳужжат ўзгаришларга йўл қўяди, аммо улар парламент томонидан маъқулланиши шарт. Непал Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 11 сентябрь куни намойишларда ҳалок бўлганлар сони 30 нафарга етган, яраланганлар сони эса 1 033 кишини ташкил этган.
Live
Барчаси