Путин ва Зеленскийнинг учрашуви кечикмоқда – Midweek

Таҳлил

Аср учрашуви ортга сурилмоқда

Дональд Трамп жаннатга тушиш дардида Россиянинг Украинага босқинини тўхтатиш учун барча имкониятларни сафарбар қилаётгандек таассурот уйғотмоқда. У ҳатто келгуси музокараларни ташкиллаштириш учун жорий йилнинг август ойидаги таътилини ҳам бекор қилди. “The Hill” нашрнинг ёзишича, АҚШда президентлар, одатда, август ойида, Конгресс таътилга чиққан вақтда дам олади. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн эса Трамп Нью-Жерсидаги гольф-курортида ҳам тинчлик музокараларини давом эттириш имкониятини кўриб чиққани, бироқ якунда бунинг ўрнига Оқ уйдан чиқмай туриб ишлашга қарор қилган.

Хўш, Трамп ҳаракатларни жадаллаштиргани кўриниб турибди. У ва унинг жамоасидагилар Путин учрашишга тайёрлигини маълум қилди. Оқ уй бу учрашувга тайёргарликни бошлаб юборди. Бўлажак музокаралар учун эҳтимолий вақт ҳақида ҳали ҳеч нарса аниқ эмас, аммо жой бўйича кўплаб номзодлар бор. Женева, Будапешт, Рим ва Хелсенки шулар жумласидандир. Айтишларича, Зеленский Римни, Путин эса Женевани афзал кўрган. Шунингдек, Зеленский Австрия, Швейцария ёки Туркияда учрашув ўтказишга ҳам қарши эмас, аммо Венгрия ёки Россия у учун муҳокама ҳам қилинмайдиган нуқталиги маълум қилинди. Ўз навбатида Швейцария агар Россия етакчиси Женевага келса, уни ХЖС нинг ҳибсга олиш ордерига қарамай, қўлга олмаслигини маълум қилди. Будапешт варианти эса кўпчиликка ёқмаяпти. Чунки айнан шу ерда ўтмишда Украина алданган. Буни Польша Бош вазири ҳам алоҳида ёдга олди.

Аммо Вашингтон ва Брюссел тарафларда шундай ҳаракатлар кетаётган бир пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "Россия-24" телеканалига берган интервьюсида Путин ва Зеленский ўртасидаги тўғридан тўғри музокараларга тайёргарлик кўрилганини тасдиқламади. У Москва урушни ҳал қилиш бўйича ишлаш учун ҳеч қандай форматни рад этмаслиги, аммо энг юқори даражадаги алоқалар “иложи борича эҳтиёткорлик билан” тайёрланиши кераклигини айтиб, вазиятни яна қуюқ туман ичида қолдирди. Лавров бу гапи билан Зеленскийнинг легитимлигини сўроқ остига қўймоқчи бўлгани кўриниб турибди. У буни ҳеч қандай ишораларсиз ҳам тўғридан тўғри айтиб ҳам келади. Эҳтимолий учрашувга Зеленский бирорта ҳам дастлабки шартларсиз рози бўлган бир пайтда, Россия томони яна тинчлик келишувини Украина томонидан бунга ҳақли бўлган одам имзолаши керак деган масалани ўртага ташламоқда.

Бу орада эса энг муҳим икки масала – ҳудудий алмашинув ва хавфсизлик кафолатлари ҳақида ҳам келишмовчиликлар етарли. АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина тинчлик келишуви ортидан кўпроқ ер олиши ҳақида айтиб, Киев барибир қайсидир ерлардан воз кечишига ишора қилди. Аммо Оқ уйдаги ташрифда Трампга 10 дан ортиқ раҳмат айтган Зеленский ҳудудий алмашинув ҳақида бор йўғи икки бор сўз очди. Бири кенгайтирилган учрашувда, яна бири эса маҳаллий ОАВ учун брифингида. Аммо умумий маънода Украина раҳбари барибир аввалдан конституция сабабли ер бериш ёки унинг устида савдо қилиш мумкин эмаслигини айтиб келади. Бунинг ўрнига ФТ нашри ўрганган ҳужжатларда Украина Президенти босқин ортидан етказилган зарар учун Россиядан товон пули талаб қилган. Киев зарарни компенсация қилиш учун Россиянинг Ғарбдаги 300 миллиард долларга яқин музлатилган активларини ўзиники қилмоқчи. Бундан ташқари, Зеленский яна бир бор одатий талаблар рўйхатини тақдим этди: давлат аппаратини сақлаш учун пул, ижтимоий тўловлар ва Украина иқтисодиётини ривожлантириш. Аммо у ҳарбий эҳтиёжларни алоҳида харажат сифатида белгилаб, қурол учун қўшимча 90 миллиард доллар талаб қилди. Ушбу пакет Зеленский тушунтирганидек қирувчи самолётлар, ҳаво мудофаа тизимлари ва бошқа тизимларни ўз ичига олади.

Хавсизлик кафолатининг қурол-яроғдан бошқа жиҳатлари, яъни қўшин киритиш масаласи ҳам анча қизғин муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Франция президенти Эммануэл Макрон Оқ уйдаги саммит бўйича якуний баёнот бериб, Европа Иттифоқи ва АҚШ Украина учун келажакдаги хавфсизлик кафолатлари унинг  армиясини қўллаб-қувватлаш, денгиз, ҳаво ва қуруқликдаги хавфсизлик кучларини яратишни ўз ичига олиши керак, деган фикрга келганини маълум қилди. "Bloomberg" эса хавфсизлик кафолатлари доирасида иттифоқчилар Украина армиясининг сонини чекламасликни режа қилгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, Макрон Европа мамлакатлари Украинага тинчликпарвар кучлар ва қуруқликдаги операциялар орқали ёрдам бериши кераклигини айтди. Украина бўйича тинчлик келишуви доирасида Европа давлатлари ўз қўшинларини юборишга тайёрлигини билдирмоқда. Маълумотларга кўра, Британия ва Франция қўшин юбориш режасини муҳокама қилган ва қарийб 10 та мамлакат Украина ҳудудига қўшин киритишга розилик билдирган. Манбага кўра, Кремль НАТО қўшинларининг Украинада жойлаштирилиши эҳтимолини қатъиян рад этган ва Киевдан шарқий ҳудудларнинг катта қисмини назоратга топширишни талаб қилмоқда. Яқин кунларда Украина учун хавфсизлик кафолатлари пакети ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Италия Бош вазири Жоржия Мелони ҳам НАТОга ўхшаш, бироқ тўлиқ аъзоликни назарда тутмайдиган хавфсизлик кафолатларини таклиф қилган. Европа етакчилари ушбу режа учун АҚШ Президенти Дональд Трампнинг олдидан ўтди. У қарши эмас ва ҳатто бу масалада мувофиқлаштирувчи ролни ўйнайди. Олдинроқ Стив Уиткофф ҳам Владимир Путин АҚШ ва Европанинг Украинага қарши янги босқин содир этилган тақдирда уни биргаликда ҳимоя қилишини назарда тутувчи хавфсизлик кафолатларини мустаҳкам шаклда таъминлашга розилик берганини айтганди. Аммо Россия ҳозирча бундай келишувларни оммага эълон қилгани йўқ. Аксинча Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинага бериладиган хавфсизлик кафолатлари Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Франция иштирокида тенг асосда таъминланишига қарши эмаслиги аммо хавфсизлик кафолатлари Россия билан ҳал қилиниши кераклигини айтиб чиқди. Бироқ хавфсизлик кафолати деганда Кремль Украинага хориж давлатларининг қўшинлари киритилишини назарда тутмаяпти чоғи. Чунки Лавровга кўра, Украина ерларидан хорижий ҳарбий контингентнинг бўлиши Россия учун қабул қилиб бўлмас масала. Бу эса Зеленский ва Путиннинг учрашувини ортга сураётган энг катта тўсиқлардан биридир. Мазкур шартлар орқали нафақат учрашув балки инчлик ҳам янада ортга сурилиши тайин.

“Толибон” вандализм йўлидан кетмади

Афғонистонда "Толибон" ҳокимият тепасига келганидан буён тарихий маданий меъросларга нисбатан вандализм авж олгани ҳеч кимга сир эмас. Буддадан тортиб Навоий ёдгорлигигача. XXI асрда дунёнинг қайсидир қисмида маданий меросга нисбатан бундай ёндашув вандализмдан бошқа нарса эмас. Ҳозирча Россиядан бошқа ҳеч бир давлат тан олмаган "Толибон" эса доим қайсидир тарихий ёдгорлик ёввойиларча бузиб ташланганда, айбни ўзидан соқит қилиб, маҳаллий аҳолига тўнкайди. Ўтган йиллар мобайнида Алишер Навоий ёдгорлиги билан ҳам ҳудди шу сценарий такрорланди. Жумладан, 2023 йилнинг 7 февралида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ёдгорлиги вайрон қилинганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ўшанда Толибон вакилларига таяниб, Навоий ёдгорлигини бегона кишилар вайрон қилганини айтганди.

“Афғонистонда буюк шоиримиз Алишер Навоий ёдгорликларига зарар етказилгани ҳақидаги хабарларни қайғу билан қабул қилдик. Ушбу масала юзасидан дипломатларимиз Афғонистон вакиллари билан боғланди. Уларнинг таъкидлашича, ушбу вандализм ҳолати қардош Ўзбекистон билан кўп асрлик дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган муваққат ҳукумат расмий сиёсатини акс эттирмайди, номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати натижаси бўлиб, умумий тарихий ва маданий меросимизга зарар етказади. Афғонистон вакиллари ёдгорликларни тиклаш ва умумий меросимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш чораларини кўришини маълум қилдилар”, деб ёзган Бурхонов. 

Бироқ ўша пайтда "Independentpersian.com" нашри бу айнан "Толибон"нинг қилмиши экани ва гуруҳ мамлакатда ҳайкалларга нисбатан бузғунчилик олиб бораётгани ҳақида хабар берганди. Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги бу борада "Толибон"нинг изоҳига ишонди ва бизни ҳам шунга ишонтирди. Аммо мана орадан 2 ярим йил ўтиб, энди Навоий ёдгорлиги бутунлай бузиб ташланди. "Толибон"нинг бу ҳаракати қатор зиёлилар ва сиёсатчиларининг ғазабини келтириб чиқарган. Уларнинг айтишича, "Толибон» нафақат бошқа миллатларнинг маънавий қадриятлари ва инсониятнинг тарихий фахрига эътибор бермаяпти, балки амалда мамлакатнинг маданий ва тарихий ўзлигини йўқ қилиш ва камситиш билан шуғулланмоқда.

Шунингдек, фаол фуқаролар 20 август куни муваққат ҳукуматнинг бу ишини қоралаб, баёнот билан чиққан. 20 та фуқаролик ва ижтимоий ташкилот томонидан тайёрланган бу қўшма баёнотда Алишер Навоийнинг ёдгорлигини бузиш “халқнинг умумий хотирасига ва Афғонистоннинг ўзлигига ҳужум” сифатида баҳоланган. Ушбу ташкилотлар халқаро ҳамжамиятни, UNESCO ни, халқаро ташкилотларнинг маданий муассасаларини ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини Афғонистон халқларининг тарихий ва маданий меросини ҳимоя қилиш учун дарҳол чора кўришга чақирган. Қайд этиш жоиз, ҳайкалнинг бузилиши ижтимоий тармоқларда ҳам акс садо берган.

Тўғри, Алишер Навоийнинг бу ёдгорлиги тарихий эмас эди. У бор йўғи бундан 17 йил аввал Мозори Шариф шаҳар ҳокимияти томонидан, мутафаккирнинг хотирасини ёдга олиш мақсадида ўрнатилган эди. У Толибон ҳокимият тепасига келгунгача яхши ҳолатда бўлган, бироқ гувоҳи бўлганингиздек 2020 йилдан кейин ушбу ёдгорликнинг тақдири аянчли якунланди. Бу сафарги бутунлай вайрон қилиш жараёнидан кейин ҳам ТИВ матбуот котиби воқеага Афғонистондаги расмийлардан изоҳ олиш учун улар билан боғланилганини маълум қилди. Бурҳоновнинг билдиришича, улардан олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ёдгорлиги ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган. Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган.

“Бундан ташқари Афғонистон ҳукумати вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берди. Жумладан, ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш ҳамда амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилди. Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда, унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади”, дейди ТИВ матбуот котиби.

Изоҳ аввалгиси билан деярли бир хил кўринишга эга эди. Фақат бу гал маҳаллий ҳукумат томонидан бузиб ташлангани тан олинган холос. Лекин “мутафаккирнинг хотирасини асраб-авайлашга содиқлик” борасида айтилган гаплар олдин ҳам янграганди. Бироқ 2 ярим йил давомида ёдгорликни тиклашга умуман ҳаракат қилмаган, аксинча кейинчалик уни бузиб ташлаганларга энди қандай ишониш мумкин деган савол кўпчиликнинг хаёлидан ўтган бўлса ажаб эмас. Бироқ Ташқи ишлар вазири Аҳрор Бурҳоновнинг кейинчалик воқеа тафсилотлари билан ўртоқлашган навбатдаги хабари барча саволларга жавоб берди. ТИВ сўзамоли ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 21 август куни Мозори Шариф шаҳрида Алишер Навоий ёдгорлиги лойиҳасининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтгани акс этган тасвирларни улашди. Унда шаҳар ҳокими, мутасадди раҳбарлар, Афғонистон шимолидаги ТИВ ваколатхонасининг раҳбари ҳамда ушбу шаҳардаги Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари иштирок этган. Тасвирларда кўриш мумкинки, Навоий учун қурилаётган янги ёдгорлик устунлари аллақачон битириб қўйилган, қолган ишларни битириш учун ҳам лойиҳа атрофига олиб келинган ғиштларни ҳам кўриш мумкин.

Аммо бунгача Мозори Шарифдаги бу иш сиёсий даражагача кўтарилди. Масалага Толибоннинг бугунги кундаги энг кучли ташқи оппозицияси асли ўзбек бўлган Маршалл Дўстум ҳам қўшилди. Навоий ёдгорлиги бузилиши ортидан Маршалл ва унинг қизи "Толибон"га таҳдид қилди. 2014 йилдан 2020 йилгача Афғонистоннинг собиқ вице-президенти бўлган Дўстум зудлик билан ёдгорликни реконструкция қилиш кераклигини, акс ҳолда Афғонистон халқи ва Навоийнинг издошлари жим турмаслигини ва "Толибон" эртами-кечми ўз қилмишлари учун пушаймон бўлишини таъкидлаган.

“Мен бу ҳаракатни ҳақоратли ва нафақат Афғонистон халқини, балки бутун дунёдаги ўзбекларни – туркийларни ҳам камситишга қаратилган ҳаракат белгиси деб биламан. Толибларнинг бу кечириб бўлмас ҳаракати менинг ва Ҳазрати Навоийнинг барча ошиқларининг қалбини қаттиқ ранжитди. Бу жирканч хатти-ҳаракатни халқимиз ҳеч қачон унутмайди, айбдорлар кечирмайди. Дунё халқларининг маданий меросини ҳимоя қилишда масъул бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фан ва Маданият ташкилоти (UNESCO)дан Афғонистондаги турк халқининг миллий ва халқаро шаънига қилинган ҳақоратларнинг жавобсиз қолмаслигини ҳис этиши учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилишини сўраймиз”, деган у.

Шундан сўнг Дўстумнинг қизи, собиқ сенатор Роҳила Дўстум ҳам ҳолатга муносабат билдириб, Навоий ҳайкалининг бузилишини "Толибон"нинг мамлакат маданий меросига душманлиги рамзи, ҳамда Афғонистондаги халқларнинг умумий ўзлигига ҳурматсизлик деб баҳолаган ва халқаро ҳамжамиятни "Толибон" ҳаракатига қарши муносабат билдиришга чақирган. Шунингдек, бу ҳаракатни йирик шахсиятларга ҳақорат, халқларнинг умумий ўзлигига ҳурматсизлик ва маданий, тарихий ҳамда бадиий қадриятларга беписандлик деб таърифлади.

“Амир Алишер Навоий ҳайкалининг Толибон томонидан бузилиши жирканч ва маданиятга қарши қадам бўлиб, бу гуруҳнинг минтақанинг тарихий ва цивилизация меросига душманлигини кўрсатади. Бундай ҳаракатлар фақатгина жамоатчиликнинг "Толибон"га нисбатан нафратини кучайтиради. Маданият аҳли бу ишни қоралаши ва инсоният меросини сақлаш учун амалий чора кўриши керак”, деган у.

Қайд этиш жоизки, аввалроқ Дўстум Афғонистонни амалда бошқараётган "Толибон" гуруҳини мамлакатни тарк этишга чақириб, акс ҳолда 2001 йил декабрь ойида унга содиқ кучлар томонидан ўлдирилган 2000 нафаргача "Толибон" аскарининг тақдири яна такрорланиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Ғазо харитадан ўчирилмоқда

Эсингизда бўлса, жорий йилнинг июнь ойида Стив Уиткофф ҲАМАС ва Исроил учун 60 кунлик сулҳ таклиф қилган, унга кўра, сулҳнинг биринчи ва еттинчи куни 10 нафар тирик гаровдагилар озод этилиши ва 18 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадлари топширилиши керак эди. Бунинг эвазига Исроил 125 нафар умрбод қамоққа ҳукм қилинган фаластинликни, Ғазо секторида ушлаб турилган 1111 кишини озод қилиши ва 180 нафар жасадни қайтариши лозим эди. Ўшанда Исроил бу таклифга рози бўлганди, аммо ҲАМАС бундай вақтинчалик келишув доимий сулҳга кафолат бермаслик эҳтимоли юқори бўлгани боис Уиткофф таклифини рад этганди. Бу гал эса ҳудди шундай таклиф Миср ва Қатар томонидан берилди, аммо энди уни Исроил рад этди ва Ғазони бутунлар эгаллашни бошлади. Нетаньяху ҳукумати матбуот котиби Девид Менсер қисман келишувлар энди ҳукуматни қизиқтирмаслиги ва буёғига ҳаммаси ўзгарганини маълум қилди.

19 август куни Исроил Мудофаа вазири Исроил Катс Ғазо шаҳрини эгаллаш режасини тасдиқлади. Бу босқин эса “Гидеоннинг аравалари 2” деб номланган бўлиб, унинг давомида захирадаги аскарларни сафарбар қилиниши айтилди. Уларнинг сони эса 130 мингни ташкил этиши тахмин қилинди. Бу орада эса Тель-Авив кўчаларига Нетаньяхунинг Ғазодаги ҳаракатларига қарши бўлган юз минглаб, баъзи манбаларда эса салкам ярим миллион одам йиғилди ва норозилик намойиши ўтказди. 17 август куни Тель-Авив ва бошқа шаҳарларни қўшиб ҳисоблаганда эса, бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган турли акцияларда жами бир миллионга яқин исроиллик қатнашгани айтилди. Улар ҲАМАС билан Нетаньяху томонидан рад этилган келишувни имзолаш ва гаровдагиларни озод қилишни талаб қилди. Аммо 20 августга келиб, Исроилнинг Ғазо шаҳрига бостириб киришни бошлагани эълон қилинди. Исроил армиясининг расмий вакили, бригада генерали Эффи Дефринга кўра, армия кучлари аллақачон Ғазо шаҳрининг чекка ҳудудларини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, у шу ҳафта исроилликларга ҳарбий хизматга чақирув бўйича қарийб 60 мингта, шу ойнинг охирида эса яна 20 мингта хат юборилишини тасдиқлаган.

ОАВ эса Исроилнинг Ғазо секторини тўлиқ босиб олишга қаратилган босқини 2026 йилда ҳам давом этиши ҳақида ёзмоқда. Хабарларга кўра, ЦАХАЛ заҳирадаги аскарларларни сафарбар қилиш уч босқичда амалга оширилади – 2025 йил сентябрь ва ноябрда, шунингдек, 2026 йилнинг март ойида. Мамлакатда жойлашган теле-радиокомпанияларининг маълумотига кўра, 5 та дивизия, 12 та бригада жанговар гуруҳи ҳамда Ғазо дивизиясининг шимолий ва жанубий бригадалари бу босқинда қатнашади. Шунингдек, жанговар ҳаракатларга учта резерв бригада жалб қилинади. Босқиннинг энг қизғин палласида хизматда бўладиган захирадаги аскарларлар сони 130 минг нафарни ташкил этади. Қайд этилишича, Ғазони босиб олиш режалари 21 август куни Исроил ҳукуматига тақдим этилади. Нетаньяху Ғазони йўқ қилмоқчи.

Энг адолатли судья энди йўқ

Дунёдаги энг адолатли судья энди йўқ. Шу ном билан танилган америкалик судья Френк Каприо узоқ вақт давомида ошқозоности бези саратонига қарши курашдан сўнг жорий йил 20 август куни 88 ёшида вафот этди. Ҳа, бу ўша ўта меҳрибон, раҳм-шавқатли ва суд процесси давомида инсонларга самимийлиги билан танилган, видеолари бутун дунё бўйлаб тарқалиб, қалбларни забт этган Френк Каприо. Унинг суд жараёнлари акс этган ва тармоқларда тарқалган тасвирлар ҳали узоқ вақт кўпчиликнинг ёдидан чиқмаса керак. Касалманд ўғлини шифохонага олиб бориш учун тезликни белгиланган меъёрдан бирозгина ошириб юборган қария отахонни, шунингдек, машинасини белгиланмаган жойга қўйгани учун жаримага тортилган асли ўзбекистонлик бўлган йигитни ишини кўрган ва унга жаримани чегириб берган Френк Каприо энди суд оламида йўқлиги, албатта бутун дунё учун йўқотиш. Негаки, ҳар бир давлатлатдаги адолат посбонлари у хоҳ кодификациялашган тизимда бўлсин ёки суд претседентида фарқи йўқ, улар учун Френк Каприо эргашса бўладиган, ранг олиш мумкин бўлган судья эди.

Френк Каприонинг ҳаёти ва карьерасига назар ташланса, у судья, адвокат, сиёсатчи ва ҳуқуқшунос сифатида эсланади. Каприо 1936 йилда туғилган. У 1985 йилдан 2023 йилгача Провиденс шаҳар муниципал судида судья лавозимида ишлаган. Унинг суд фаолияти телевидение махсус дастурида намойиш этилган. Каприо суд залида инсонларга бўлган ҳамдардлиги ва уларга нисбатан бағрикенглиги учун “дунёдаги энг адолатли судья” деб аталган. 2000 йилда унинг иштирокида эфирга чиққан телекўрсатув тўрт маротаба "Эмми" мукофотига номзод бўлган. Юқорида таъкидланганидек, Френк Каприо 2023 йилнинг декабридаёқ саратон касаллигига чалингани маълум бўлганди. Ўшанда у унга ошқозоности бези саратони ташхиси қўйилганини очиқлаганди. Шундай қилиб, энди у йўқ. Аммо Каприо салкам 40 йиллик судьялик фаолияти давомида соҳадаги инсонлар учун ўрнак бўладиган ишлар қилди ва намунали йўл харитаси чизиб кетди, десак муболаға бўлмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон НАТО Россия Путин Украина UNESCO судья Зеленский Исроил Оқ уй “Толибон” Ғазо ҲАМАС Доналд Трамп Эммануэл Макрон Жоржия Мелони Мозори Шариф Нетаняху Стив Уиткофф Роҳила Дўстум вандализм Навоий ёдгорлиги Маршалл Дўстум Френк Каприо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг