Мевасигача тарқалган иллат: ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган талабалар ушланди

Жамият

image

Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида фуқароларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган талабалар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Ушбу тадбирда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали талабаси И.Э. фуқаро А.нинг ишончига кириб, уни ушбу университетга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 54 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланган.

Хабарга кўра, “фирибгар” талабанинг кўрсатмасига асосан давом этган тадбирда, И.Э.нинг шериги яна бир талаба О.Х. 42,4 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бундан ташқари, департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ф.А. Наманган давлат университети талабаси И.П. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро Ш.ни Қирғизистон Республикасидаги университетлардан бирига Иқтисодиёт йўналиши бўйича ўқишга киритишни ваъда қилгани аниқланган. 

Шунингдек, ушбу икки фуқаро Ш.га 1-босқични тамомлагани ҳақида маълумотнома тайёрлатиб беришни ҳам айтгнан. Бунинг эвазига 2 500 АҚШ долларини олган вақтда фуқаро Ф.А. ва И.П. ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Фарғонада нодавлат таълим муассасаси раҳбари бир фуқарони Қўқон педагогика институтига 2 500 АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, олдиндан 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бундан ташқари, Тошкентда ўзини Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлигида ишлашини айтиб, бир фуқародан 2000 АҚШ доллари олишида ашёвий далиллар билан ушланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг