Қорақалпоғистон ва Фарғонада ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланди
3-саҳифа
−
24 Июль 2021
2734Қоралпоғистон ва Фарғона вилоятида абитуриентларни ўқишга киритишни ваъда қилиб, бунинг эвазига улардан кўп миқдорда пул сўраган шахслар жиноят устида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Аниқланишича, Қорақалпоғистонда Р.А. исмли шахс бошқа бир фуқарони Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига 23 минг АҚШ доллари эвазига ёки жисмоний тарбия факультетига эса 4 минг АҚШ долларига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Департамент ҳамда ДХХнинг Қорақалпоғистон бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар олдиндан 10 000 АҚШ доллари ва 40 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай ҳолат, Фарғона вилоятининг Данғара туманида ҳам аниқланган. “B.S.” нодавлат таълим муассасаси раҳбари А.А. фуқаро Г.нинг ишончига кириб, уни Қўқон педагогика институтига 2 500 АҚШ доллари эвазига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, олдиндан 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Департамент ҳамда ДХХнинг Бешариқ тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Д.Х. фуқаро М.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида 1 000 АҚШ доллари эвазига Қўқон давлат педагогика институтининг психология факультетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, олдиндан 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси