Метрода ҳунар кўрсатган ўқувчи бўйича изоҳ берилди

Жамият

image

Instagram ва Telegram ижтимоий тармоқларида – метрода ҳаракатланаётган ўспирин, вагоннинг юқоридаги ушлагичларига оёқлари билан осилиб туриб, ғалати овоз билан бақирётгани тасвирланган видео тарқатилмоқда.

“Тошкент метрополитен” УКнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 105-мактабнинг ўқувчилари 2005 йилда туғилган А.А. ва Т.У. экани ҳамда улар ушбу ҳаракатни Instagram ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасини ривожлантириш ва обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида амалга оширгани аниқланган.

Ўсмирлар билан Ички ишлар вазирлиги Бош бошқармаси Метрополитендаги хавфсизлик бошқармаси вакиллари, Пойтахт метрополитени маъмурияти, шунингдек, 105-мактаб маъмурияти ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида тушунтириш ўтказилган.

Мазкур ҳолат бўйича иш қўшимча кўриб чиқиш мақсадида ҳудудий (яшаш жойидаги) вояга етмаганлар билан ишлайдиган бўлимга ўтказилган.

Қайд этилишича, ушбу ҳаракатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 115-моддасига биноан чора кўрилади. Бундан ташқари, ўсмирлар Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида белгиланган маска режимига риоя қилмай белгиланган қоидаларни бузганлиги учун ҳам жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ички ишлар вазирлиги TikTok платформасида фуқароларнинг, айниқса ёшларнинг ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида, турли масхараномуз, одоб-аҳлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеолари кўпаяётгани учун ота-оналарга жиддий огоҳлантириш билан чиққан эди.


Мақола муаллифи

Теглар

метро

Баҳолаганлар

275

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг