Месси Португалияни мундиалда фаворит деб айтди
Спорт
−
10:01 719 2 дақиқа
Аргентина терма жамоаси ва жаҳон чемпиони Лионель Месси Португалияни 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида тилга олди ҳамда у ҳар доим португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдуни юқори баҳолаб келганини айтди. Бу ҳақда Месси “Lo del Pollo” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Аргентина терма жамоаси сардори Португалиядан ташқари Франция, Испания, Англия, Бразилия ва Германия терма жамоаларини ҳам Жаҳон чемпионатида фаворит эканлигини айтиб ўтди.
“Менимча, бугунги кунда Франция жуда яхши натижалар кўрсатмоқда ва таркибида кўплаб юқори даражадаги футболчилар бор. Испания ҳам шундай. Бразилия эса анчадан бери ўзининг энг юқори чўққисида бўлмаса-да, ҳар доим даъвогар бўлиб қолади ва исталган йирик турнирда рақобатлаша оладиган футболчиларга эга. Бундан ташқари, Германия, Англия ва Португалия каби кучли жамоалар ҳам бор. Менимча, Португалия жуда рақобатбардош таркибга эга. Жаҳон чемпионатлари ҳар доим кутилмаган натижаларни тақдим этади. Юқори савиядаги жамоалар жуда кўп. Аргентинани ҳам ҳисобдан чиқариб бўлмайди, гарчи ҳозир айрим футболчилар жароҳат ёки спорт формасидаги муаммолар билан курашаётган бўлса ҳам. Балки ҳозир биздан кучлироқ кўринаётган фаворитлар бордир, аммо Аргентина ҳар доимгидек бирлашган ҳолда курашади ва бор кучини беради”, дейди Месси.
Шунингдек, саккиз карра “Олтин тўп” соҳиби Лионель Месси ўзининг азалий рақобатчиси Криштиану Роналду билан бўлган рақобати ҳақида ҳам фикр билдирди.
“Бизнинг ўртамизда ажойиб спорт рақобати бўлган. Бу футбол оламидаги табиий ҳолат. Биз ҳам жамоавий, ҳам индивидуал тарзда рақобатлашдик ва одамлар доим бизни солиштиришарди. Аммо муносабатларимиз ҳар доим яхши ва ҳурматга асосланган эди. Содир бўлган барча воқеалар фақат спорт билан боғлиқ, шахсий адоват ҳеч қачон бўлмаган. Биз кўп учрашмасдик — асосан ўйинлар ёки тақдирлаш маросимларида кўришардик. Шунга қарамай, ҳар доим яхши муносабатларни сақлаб қолганмиз”, дейди Месси.
Маълумот учун, Португалия терма жамоаси мундиалда Ўзбекистон, Колумбия ва Конго терма жамоалари билан бирга “К” гуруҳидан ўрин эгаллаган. Аргентина эса Жазоир, Австрия ва Иордания терма жамоалари билан бирга “Ж” гуруҳидан жой олган. Агар ҳар иккала терма жамоа ҳам ўз гуруҳида 1-ўринни эгалласа чорак финалда ўзаро тўқнаш келади.
Live
Барчаси