Месси “Барса”га қайтиши мумкин. Унга лавозим ҳам таклиф қилинади

Спорт 3207
image

Каталониянинг “Барселона” клуби бош мураббийи Хави Эрнандес аргентиналик футболчи Лионель Мессини “кўк анорранглилар” сафига қайтармоқчи. Бу ҳақда журналист, инсайдер Жерар Ромеро хабар берди.

Хави Месси билан эҳтимолий келишувда асосий ролни ўйнаши мумкин. Кўпчиликка маълумки, Лионель Месси фаолиятининг якунига яқинлашмоқда. Хави эса Мессининг айнан “Барселона”да футбол билан хайрлашишини истайди. Мураббий 35 ёшли футболчи учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр. Қайд этилишича, “Барселона” расмийлари Месси билан алоқаларни тиклашга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, аргентиналик ҳужумчи футболдаги фаолиятини якунлагач, “Барселона”нинг расмий элчисига айланиши мумкин.

Таъкидлаш керакки, ПСЖ ҳам Месси билан ўртадаги шартномани узайтирмоқчи. Аргентиналик футболчи ушбу масалани Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати баҳсларидан кейин кўриб чиқади. Мессининг ПСЖ билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзигача мўлжалланган.

Маълумот учун, Месси 2021 йилнинг ёзида “Барселона”ни тарк этиб, ПСЖ сафига қўшилганди. У “кўк анорранглилар” сафида 520 та ўйин ўтказиб, 474 та гол урган ва 216 та голли узатмани амалга оширган. Месси Каталония клуби билан биргаликда 35 та совринни қўлга киритган ва “Олтин тўп”нинг етти карра соҳибига айланган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 48
Рейтинг: 3
t
×