Мерц Зеленскийни коррупцияга қарши курашишга чақирди
Олам
−
14 Ноябрь 1994 4 дақиқа
Германия канцлери Фридрих Мерц кеча, 13 ноябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашиб, уни “коррупцияга қарши курашни ва айниқса ҳуқуқ устуворлиги соҳасидаги ислоҳотларни жадал давом эттиришга” чақирди. Суҳбат “Энергоатом” украин давлат компанияси атрофидаги коррупция можароси фонида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Германия ҳукумати пресс-релиз эълон қилди.
Зеленский ўз навбатида Мерцга истеъфога чиққан Украина ҳукумати аъзоларига нисбатан олиб борилаётган тергов ишлари ҳақида маълумот бериб, “тўлиқ шаффофликни, антикоррупция органларига узоқ муддатли қўллаб-қувватлашни ва Украина аҳолиси, Европа ҳамкорлари ҳамда халқаро донорлар ишончини тиклашга қаратилган тезкор чораларни” ваъда қилди.
Украина Президенти, айниқса ҳаво ҳимояси ва Украина энергетика инфратузилмасини муҳофаза қилиш соҳасидаги ёрдами учун Фридрих Мерцга миннатдорлик билдирди.
“Зеленский ва Германия ҳукумати раҳбари Европа ва трансатлантик шериклар билан ҳамоҳангликда ўт очишни тўхтатиш ва барқарор тинчликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди”, деб хабар қилади Германия канцлери матбуот хизмати.
Мерцнинг таъкидлашича, Германия ғарбий ҳамкорлар билан биргаликда Москвага босим ўтказишни давом эттиради, шунда Россияни тинчлик музокараларида жиддий иштирок этишга мажбурлаш мумкин бўлади. Шу мақсадда “Россия давлатининг блокланган активларидан самарали фойдаланиш” устида иш давом эттирилади.
Суҳбатда яна бир мавзу — украин қочоқлари масаласи кўтарилди. Хусусан, Европага ёш украин эркакларнинг чиқиб кетиш ҳолатлари кўпайгани боис, Украина Президенти бу масала билан шуғулланишини маълум қилди.
“Энергоатом”даги коррупция можароси
Украина Миллий антикоррупция бюроси (НАБУ) ва Ихтисослашган антикоррупция прокуратураси (САП) шу ҳафта бошида украин давлат компанияси “Энергоатом”да йирик коррупцион схема фош қилинганини маълум қилган эди.
“Жиноий ташкилотнинг асосий фаолияти контрагентлардан шартномалар қийматининг 10–15 фоизи миқдорида доимий равишда ноқонуний даромад (откат) олишдан иборат бўлган. Хусусан, “Энергоатом” контрагентларига кўрсатилган хизматлар/етказиб берилган маҳсулот учун тўловларни блокировка қилишдан қутулиш ёки етказиб берувчи мақомидан маҳрум этмаслик эвазига откат тўлаш шарти мажбурий тарзда қўйилган”, дейилган НАБУ баёнотида.
НАБУ терговчилари “Энергоатом”даги йирик коррупция схемасини ташкил қилганлар сифатида финансист Александр Цукерман ва бизнесмен Тимур Миндични келтирди. Миндич – Зеленскийнинг кўп йиллик яқин ҳамкори ва “Квартал 95” студиясининг ҳаммуассиси ҳисобланади. 13 ноябрь куни Владимир Зеленский уларга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Унга кўра:
- Миндич ва Цукерман давлат мукофотларидан маҳрум этилди;
- уларнинг Украинадаги активлари уч йилга блокланган;
- савдо операцияларини амалга ошириш имконияти тўхтатилди;
- Миндич ва Цукерманга Украинада ер участкалари сотиб олиш тақиқланди.
10 ноябрь куни ҳуқуқ-тартибот органлари Тимур Миндичнинг уйида, “Энергоатом”да ва Украина адлия вазири Герман Галушенконикида тинтув ўтказди. Аммо Миндич бундан сал олдин Украинадан чиқиб кетган эди.
12 ноябрь куни катта жамоатчилик муҳокамалари фонида Украина Давлат чегара хизмати Тимур Миндичнинг чегарадан ўтиши ҳолатларини аниқлаш мақсадида “ички хизмат текшируви” ўтказилганини ва унинг мамлакатдан чиқиб кетиши қонунга мувофиқ бўлганини маълум қилди.
“У (Тимур Миндич) Украинадан чиқиб кетиш тартибида амалга киритилган амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқ равишда чегара назоратидан ўтган. Фавқулодда ҳолат – ҳарбий ҳолат даврида чегарадан ўтиш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар мавжуд бўлган. Алоҳида таъкидлаймизки, унга нисбатан Украинадан чиқишни таъқиқловчи чекловлар ўрнатилмаган”, дейилади Украина ДЧХси Facebook’даги хабарида.
Шунингдек, хизмат маълум қилишича, “Украина Давлат чегара хизмати ҳеч бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдан ушбу фуқаро давлат чегарасида аниқланган тақдирда чегара инспекторлари амал қилиши лозим бўлган бирор-бир кўрсатма олмаган. Хусусан, унга чиқишни таъқиқлаш, қидирув ёки давлат чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабардор қилиш тўғрисида бирор топшириқ берилмаган”.
Live
Барчаси