Меркелнинг вориси Россия-Украина чегарасидаги вазиятдан хавотирда

Олам 2469
image

Германия Федератив Республикасининг бўлажак канцлери, социал-демократлар партияси етакчиси Олаф Шольц Россия қўшинларининг Украина чегараси яқинида ҳаракатланишидан хавотирда. 

Бу ҳақда Шольц Эркин демократик партия (ЭДП) етакчиси Кристиан Линднер ва Яшиллар партияси ҳамраиси Роберт Хабек билан янги коалиция ҳукумати сиёсатига бағишланган қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди. 

Шольц, Германия Европа Иттифоқини янада кучлироқ қилиш учун аввалги ҳукумат сиёсатига амал қилишда давом этишини қайд этди. 

“Дунё келажаги кўплаб нуфузли давлатлар томонидан шакллантирилади. Шу нуқтаи назардан Европа келажакда қатъий ва мустақил ҳаракат қилиши жуда муҳим”, дейди у. 

Шольц, шунингдек, Украина чегаралари яқинида Россия қўшинларининг тўпланишига изоҳ берди. У Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик аввалроқ келишилган, чегаралар дахлсизлигини ҳам ўз ичига олган тамойилларга асосланиши кераклигини таъкидлади. 

Бўлғуси канцлернинг сўзларига кўра, Германия, Европа давлатлари ва АҚШ Россиянинг Украина чегаралари яқинидаги ҳарбий фаоллигидан хавотирда. “Украина учун таҳдидларнинг пайдо бўлиши қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”, дейди у. 

Германиянинг бўлажак канцлери Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байден ўртасидаги бўлажак мулоқотда Украина чегарасидаги вазият, албатта, муҳокама қилинишига ишонч билдирди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 89
Рейтинг: 2.9
t
×