Меркель фаолияти давомида энг бошоғриқ бўлган икки вазиятни айтди

Олам

image

2005 йилдан бери Европанинг энг қудратли давлатини бошқариб келган Ангела Меркель канцлерлик фаолияти давомидаги энг катта синовлар ҳақида гапирди. Бу ҳақда у “Deutsche Welle”га берган интервьюсида маълум қилди.

Таъкидланишича, Германияга Сурия ва минтақанинг бошқа давлатларидан кўплаб қочқинларнинг келиши ва коронавирус пандемияси Меркель учун энг катта синов бўлган.

“Шахсан мен учун иккита воқеа энг катта синов бўлди. Биринчиси — Сурия ва минтақанинг бошқа давлатларидан кўплаб қочқинларнинг келиши. Мен буни инқироз деб атамоқчи эмасман, чунки гап одамлар ҳақида кетмоқда. Лекин, барибир, Сурия ва минтақанинг бошқа давлатларидан келган қочқинлар томонидан босим бўлган. Ҳозир эса — коронавирус пандемияси. Булар мен учун энг катта синов бўлди”, деган Меркель. 

Шунингдек, Меркель Европада мигрантлар учун ягона бошпана тизими мавжудлиги ҳали таъминланмаганлиги ҳақида гапирган. 

“Ривожланишга кўмаклашиш ва қонуний миграция борасида ҳали кўп иш қилишимиз керак. Биз нимадир қилишга муваффақ бўлдик, аммо қочқинлар ва миграция мавзуси Суриядаги ва бошқа кўплаб мамлакатлардаги вазият туфайли кун тартибида қолади”, деган Меркель. 

Аввалроқ, Меркель лавозимини тарк этганидан кейин нима билан банд бўлиши борасида аниқ режалари йўқлигини, бироқ энди сиёсат билан шуғулланмаслигини маълум қилганди.  

Маълумот ўрнида, Меркель 2005 йилдан бери (тўрт муддат) Германия канцлери лавозимини эгаллаб келган, шунингдек, Христиан-Демократик Иттифоқига раислик қилган. У 2018 йилда кейинги муддат охирида лавозимидан кетишини эълон қилган. У навбатдаги сайловларга уч йил қолганида ёш сиёсатчилар масъулиятни ўз зиммасига олиши ва партияни тайёрлаши учун баёнот берган. Ҳукумат раҳбари Меркелнинг ваколат муддати тугаши ҳақидаги хабар 26 октябрь куни эълон қилинган. У янги Вазирлар Маҳкамаси шаклланмагунча канцлер лавозимида ишлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрант Меркель коронавирус

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг