Менга босим бўлмади, компенсацияни етказиб беришди – Марҳум шифокорнинг қизи (интервью)

Интервью

image

Жорий йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистонда хизмат вақтида коронавирус юқтириб олган шифокор Алишер Уралов вафот этган эди. Алишер Уралов вафот этганидан кейин, кеча 30 июнь куни ижтимоий тармоқларда марҳумнинг қизи Шаҳноза Ҳасанованинг эътирозлари мурожаати тарқалди. Унда қайд этилишича, шифокор 52 ёшда ва оғир вазнли бўлган. Шу боис у карантин марказига боришдан бош тортган. Унга карантин марказига бормаса, ишдан бўшатилиши айтилган. Шундан кейин Алишер Уралов карантин марказига боришга мажбур бўлган. У хизмат вақтида коронавирус юқтириб олган. 

Бугун, 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов марҳум уйига бориб, Қуръон тиловат қилди ва марҳумнинг оила аъзоларидан кўнгил сўради. Шу билан Республика махсус комиссиясининг таъзиясини етказди. Бугуннинг ўзида вазирлик масъул ходимлари Алишер Ураловнинг оила аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида белгиланганидек, 250 миллион сўм компенсация пулини етказиб бердилар. 

Таъзиядан сўнг QALAMPIR.UZ марҳумнинг қизи Шаҳноза Ҳасанова билан мулоқот қилди. 

Шаҳноза Ҳасанова, марҳум шифокор Алишер Ураловнинг қизи: 

— Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновни фақат телевизор орқали кўрганман. Шу икки кун ичида ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатимга бефарқ қарамасдан, муаммоимнинг ечимига киришганлари кўнглимни кўтарди. Шу сабаб бу одам мени эшита олади деган ҳис пайдо бўлди.

У киши кириб келганларидан кейин мусулмончиликка муносиб ҳолатда дуога қўл очилди. Ундан кейин секин-аста, ҳеч қандай босимларсиз, жуда яқин инсонлардек гаплашдик. 

Муомалаларидан у киши ҳақиқатан ҳам вазирлик лавозимига муносиб эканликларини билдим. Овозларини кўтармасдан, дарров масалага ўтмасдан, оғирлик ва босиқлик билан бизни тингладилар. Ойим айрилиқ азобидан йиғлаб юбордилар. Мен ҳам фарзанд бўлиб, онамнинг ёнларида турибман, аммо оилада ота ўрнини босиб бўлмас экан.

Алишер ака, бизга ҳамдард бўлган ҳолда, “ҳозир бутун дунёда пандемия кетаётганини, аммо ўлим кўрсаткичлари бошқа давлатларга қараганда бизда анча ижобий эканини”, айтдилар. Бундан ташқари, шифокорларимизнинг меҳнатини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтдилар. Шу билан бирга мендан келажакдаги орзуларим, режаларим ҳақида ҳам сўрадилар.

Ўзим Тошкент давлат педиатрия институтининг 3-курс магистратура битирувчисиман. Отам илмий иш қила олмаганлар, мени эса илмий иш қилишимни жуда хоҳлаган эдилар. Шу сабаб мана шу илм йўлига йўналтирганлар. Келаётган август ойида ректоримиз чақириб, бизга стажировка беришади ва шу орқали энди иш бошлайман. Шу гапларимнинг барчасини Алишер Шодмоновга етказдим.

У киши ректоримиз билан боғланиб, мен ҳақимда у кишига яхши таъриф бердилар. Димпломимни ёқлашимга, бунинг учун мавзу танлашда ўзлари ёрдам берадиган бўлдилар. Мен у кишига магистратурада ўқиётган талабалар ва бу босқични битирганларнинг режаси, яъни кўпроқ стажировкани йўлга қўйиш, хорижлик ҳамкасблар билан алоқалар қилиб туриш ҳақидаги фикрларимни қўллаб-қувватладилар.

Отам учун бериладиган компенсация масаласига тўхталар экан, вазир икки кун ичида бу масалани максимум ҳал этилишини айтдилар. Мутассаддилар бугуннинг ўзида ушбу маблағни етказиб беришди. У киши билан муаммо ва камчиликларни бирга ҳал этамиз деган хулосага келдик. Керакли ёрдам кўрсатамиз ва бу каби ҳолатларга бошқа йўл қўйилмайди, барчасини ўз назоратимга оламан дедилар. 

Ижтимоий тармоқларда айтган гапларимдан мақсад Ўзбекистоннинг сиёсатига аралашиш ёки қоралаш эмас. Шу Ватанда ўсдим, шу юртда таҳсил олдим. Камчиликларимизни ошкор қилиб, муаммоларни ўз вақтида кўтариб чиқсак, камчиликларимиз йўқотилади, деган мақсадда гапирдим. 

Жуда тушкун ҳолатга тушиб қолган эдим. Аммо вазиримизнинг ўзлари келганидан сўнг, руҳиятим кўтарилди. Биргина гапим билан ректоримизга қўнғироқ қилиб, илмий иш қилишимга йўналтирдилар. Эртага ўз илмим ва изланишларим билан менга ишонч билдирган барчанинг, давлатимизнинг, Президентимизнинг юзини ёруғ қилишга, Ўзбекистонимизга хизмат қилишга ваъда бераман.  

Ана шундай оғир вазиятда фуқаролар дардини тинглаётган Президентимизга раҳматимни етказинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Шаҳноза Ҳасанова Алишер Уралов

Баҳолаганлар

1123

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made

Мавзуга доир янгиликлар