Мендан кучлироқ футболчини кўрсам, фаолиятимни якунлайман – Ибрагимович

Спорт 1842
image

Швеция терма жамоаси ва Италиянинг “Милан” клуби футболчиси Златан Ибрагимович ўзидан кучлироқ футболчини кўрса, фаолиятини якунлашини маълум қилди. У бу ҳақда “La Gazzetta dello Sport” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

“Агарда, мендан кучлироқ футболчини кўрсам, фаолиятимни якунлайман. Аммо мен бундай футболчини ҳали кўрмаганман...”, деган 40 ёшли футболчи.

Ибрагимович Италия чемпионлиги учун кураш ҳақида ҳам гапириб, “Милан” ўтган йилдагидан ҳам кучлироқ бўлганини ва захира ўриндиғи кенгайганини айтган.

“Ҳа, биз ўтган йилдагидан ҳам кучлироқ бўлдик. Умуман олганда, биз яхшироқ жамоага айландик. Чемпионат якунланганидан кейин ёзги трансфер ойнасида таркибимиз янада мустаҳкамланди. Энди захира ўриндиғимизда кўпроқ имкониятлар бор. Менга “Милан” ёқадими? Ҳа, бу аниқ. Агар менга ёқмаса, мен бу ерда бўлмасдим”, деган Златан. 

Шунингдек, швециялик ҳужумчи “Милан”га янги қўшилган Шарль Де Кетеларени юқори даражали футболчи деб атаган.

“Де Кетеларе юқори даражали футболчи. Мен шундай деб ҳисоблайман. Унга катта бўлиши учун бироз вақт бериш керак”, деган Ибрагимович.

Маълумот учун, май ойи охирида “Милан”нинг 40 ёшли ҳужумчиси тиззасидан жарроҳлик амалиёти ўтказган эди. Шу сабабли Златан Ибрагимович яна камида 3-4 ойни майдондан ташқарида ўтказиб юборади.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 2.8
t
×