“Мен қаҳрамон эмасман”. Терактда 15 ёшли ўсмир юздан ортиқ одамни қутқариб қолди
Олам
−
25 Март
22226Москвадаги “Крокус Сити Ҳолл” савдо марказида теракт содир этилганидан сўнг ижтимоий тармоқларда бир ўсмирнинг кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолгани акс этган видеолар тарқалди. Бу қаҳрамон асли қирғизистонлик 15 ёшли Ислом исмли бола бўлиб чиқди.
Маълумотларга кўра, у савдо марказида гардероб хизматчиси бўлиб ишлаган. Ўша куни 15 ёшли мактаб ўқувчиси Ислом Халилов юздан ортиқ одамга бинодан кўчага чиқиш йўлини кўрсатиб, қутқариб қолди.
Ҳужум бошланганда у баланд товушларни эшитган ва дастлаб буни у доимги концертлардаги шовқин деб ўйлаган. Одамлар зинапоядан югура бошлаганларида Халилов нимадир нотўғри эканини тушунган.
“Агар мен жавоб бермасам, ўз ҳаётим ва кўплаб одамларнинг ҳаётини йўқотишимни тушундим. Ростини айтсам, бу жуда қўрқинчли эди. Мен оломон орасида эшикни очиш учун югурганимда, ҳужумчилар зинапоядан ёки эскалатордан чиқишлари мумкин, деб ўйладим, билмайман, улар граната отишарди ёки ўлимга олиб келадиган ўт очишарди. Худога шукур, ҳеч нарса содир бўлмади, мен ўз вақтида эшикни очиб, ҳаммани “Экспо” томон қўйиб юборишга муваффақ бўлдим”, дейди у ҳолатни тасвирлаб.
Халиловнинг тушунтиришича, ходим сифатида унга фавқулодда вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклиги кўрсатма берилган, шунинг учун у одамларни ҳимоя қилиш учун қаерга олиб боришни билган. Унинг ўзи ҳеч кимни ортда қолдирмаганини билиш учун энг охири бўлиб чиққан.
“Ruptly” нашрига берган интервьюсида Халилов ўзини қаҳрамондек ҳис қилмаслигини айтган.
“Бу менинг ишимнинг бир қисми эди. Юз одамнинг ўлимига йўл қўйгандан кўра, ўзингни қурбон қилганинг яхши", дейди ўсмир.
Шунингдек, Ислом Халиловга гардеробда ишлаган яна уч ўсмир – 14 ёшли Артём Донсков, Никита Иванов ва яна бир Артём исмли бола ёрдам берган.
Исломнинг қаҳрамонлигидан сўнг Москванинг “Спартак” футбол клуби ўсмирни футболчилар билан учрашувга таклиф қилиб, уй учрашувлари учун абонемент совға қилган.
Рэпер Алишер Моргенштерн эса ўсмирга миллион рубль юборган.
“Мен Моргенштерндан жуда миннатдорман, чин дилдан жуда хурсандман, унинг ёрдами билан ҳаётим қандайдир енгиллашади”, дейди Ислом Халиловнинг ўзи.
Халилов, шунингдек, Россия мусулмонлари диний бошқармаси томонидан “Хизматлари учун” медали билан тақдирланади.
Маълум бўлишича, унинг отаси Сузоқдан бўлиб, онаси эса ўзганлик бўлган.
LiveБарчаси