Трамп Туркиядан ҳарбий самолётда “қочганини” тан олди
World
−
15:44 4383 2 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трамп июль ойи бошида Туркияни ўз самолётида эмас, балки бошқа самолётда яширинча тарк этганини тан олди. У бунга сабаб сифатида АҚШ Махфий хизмати тавсиясини келтирди.
“Бу фақат Махфий хизматга боғлиқ. Мен шунчаки улар хоҳлаган ишни қиляпман. Улар мени бошқа самолётда учишимни хоҳлашди ва мен айтганларини қилдим”, деган давлат раҳбари Вашингтон яқинидаги Эндрюс ҳарбий базасида журналистлар саволларига жавоб берар экан.
10 август куни “The Washington Post” газетаси Трамп 7-8 июль кунлари Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммитидан сўнг ўзининг президентлик самолётига чиқиб, бир неча дақиқадан сўнг махфий равишда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг C-32А ҳарбий-транспорт самолётига ўтказилгани ҳақида ёзди. Унда қайд этилишича, потенциал жиноятчиларни чалғитиш операцияси Трампга Эрон билан боғлиқ ҳақиқий таҳдид туфайли амалга оширилган.
"Назаримда, хавф бор эди. Бу ҳақда ортиқча суриштириб ўтирмадим. Менга нисбатан таҳдидлар кўп. Ўйлайманки, аслида мен учган ўша самолёт катта хавф остида бўлган. Уни нишонга олиш эҳтимоли анча юқори эди, деб ҳисоблайман", деган Президент.
Шунингдек, журналистлар билан мулоқотда давом этаркан, ўзига нисбатан таҳдидлар кўплиги ва бу ҳақидаги ахборотлар ҳамиша ҳам оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаслигини айтган.
“Менга нисбатан таҳдидлар кўп. Сиз билмайдиган жуда кўп таҳдидларга дуч келяпман”, деган Трамп.
Live
All