Мелони АҚШнинг Эрондаги мактабга қилган ҳужумини қоралади
Олам
−
11 Март 2847 2 дақиқа
Италия Бош вазири Жоржа Мелони АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операциясининг биринчи кунида мамлакат жанубидаги бошланғич мактабга берган ракета зарбасини қоралади. Бу ҳақда у бугун, 11 март куни Сенатдаги чиқиши пайтида сўз очди.
“Мен Эрон жанубидаги Минoб мактабида қизларнинг оммавий ўлдирилишини кескин қоралайман”, дейди Мелони.
Шунингдек, у бу фожиа учун жавобгарларни “имкон қадар тезроқ аниқлаш” зарурлигини қўшимча қилган.
Гап Ҳормузган провинциясининг Миноб шаҳридаги қизлар бошланғич мактаби ҳақида бормоқда. Ушбу мактаб 28 февраль куни АҚШ ва Исроил ҳарбий операцияси давомида зарбага учраган объектлардан бири бўлди. Мамлакат Таълим вазирлиги жорий йил 2 март куни 175 нафар ўқитувчи ва ўқувчи ҳалок бўлганини маълум қилди.
Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет зарба юзасидан тергов бошланганини эълон қилиб, Америка ҳарбийлари фуқаролик объектларига ҳужум қилмаслигини айтди.
Шу билан бирга, “The New York Times” нашрининг ёзишича, мактабга берилган зарба жойидан топилган бўлакларда Американинг Tomahawk қанотли ракетасининг идентификация белгилари кўринган. Газета аввалроқ Эрон телерадиокомпанияси томонидан “Минобдаги мактабда болалар устига тушган Америка ракетасининг қолдиқлари” деб эълон қилинган суратларни ўрганди. Гарчи “бу парчалар айнан қаерда ва қандай топилгани ҳамда айнан мактабга қилинган ҳужумга тегишли эканлиги аниқ бўлмаса-да”, бўлаклардаги серия рақамлари ва бошқа маълумотлар Пентагон ва унинг етказиб берувчилари ўқ-дориларининг классификацияси ҳамда маркировкасига мос келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ армияси бошлаган дастлабки текширув натижалари, шунингдек экспертлар ва журналистлар хулосалари Минобдаги мактабга зарбани айнан АҚШ берган бўлиши мумкинлигини тасдиқлаган эди.