Мелания Трамп турмуш ўртоғини мақтовлар билан сийлади

Олам

image

АҚШнинг биринчи хоними Мелания Трамп Республикачилар партиясининг миллий қурултойида сўзга чиқиб, Словениядаги болалиги ва Америкага кўчиб ўтиш орзуси ҳақида гапирди. 

“Мен Словенияда коммунистлар ҳукмронлик қилаётган бир пайтда катта бўлганман, ўша пайтларда эркинлик ва имкониятларга бой бўлган Америка деган жой ҳақида кўп эшитардим. Ёшим катта бўлгани сари, АҚШга кўчиб ўтиб, мода индустриясида ишлашни ўз олдимга мақсад қилиб қўяр эдим”, деди Америка Биринчи хоними.

Болаликдаги орзуси амалга ошиб, Америкага келган Мелания океанортидаги ҳаёти ҳақида тўхталиб, “америкалик” бўлиш учун анча сарсон бўлганини ҳам айтиб ўтди.

“Мен Қўшма Штатларга 26 ёшимда келганман. Имкониятлар ўлкасида яшаш ва ишлаш бу орзуларим рўёби эди. Аммо мен кўпроқ нарсани хоҳлар эдим. Истагим мамлакат фуқароси бўлиш эди. Ўн йиллик сабр ва қоғозбозлик ишларидан сўнг, 2006 йилда тест жараёнларига тайёргарлик кўрдим ва натижада АҚШ фуқароси бўлдим. Меҳнатим ва қатъиятим натижасида бу орзуимга эришганим мени ҳалигача ғурурлантиради”, дея давом этди мамлакатнинг биринчи хоними. 

Дональд Трамп доим самимий 

Мелания турмуш ўртоғи Дональд Трампни кўплаб расмий ташриф ва маросимларда ноқулай аҳволга солишига қарамай, уни президентлик мусобақасида қўллашини кўрсатди. Биринчи хоним турмуш ўртоғи ўйлаган нарсасини ҳеч қачон яшириб ўтирмаслигини, чунки унинг самимийлигини ва Ватанини севишини урғулади.

“Биз фуқароларнинг Президентимизда ҳурмат қиладиган жиҳатлардан бири бу унинг мутлақо ҳалоллиги. Сизга ёқадими, йўқми лекин унинг нима ўйлаётгани ҳақида доим била оласиз. У ўз мамлакати ва халқини севади, ва уни янада ривожлантиришни истайди. У бизнинг мамлакатимиз учун энг яхши танлов”, деди Мелания оғзидан бол томиб. 

АҚШ Республикачилар партиясининг Миллий Конгресси бу йил 24-27 август кунлари бўлиб ўтди. Биринчи хонимнинг нутқи партия митингининг иккинчи кунидаги асосий воқеа бўлди. У Оқ уй олдида жонли аудитория иштирокида ўтказилди. Йиғилганлар орасида Президент Дональд Трамп ҳам бор эди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда жорий йилнинг 3 ноябрь куни президентлик сайловлари ўтказилади. Унда амалдаги давлат раҳбари Дональд Трамп ва Демократлар партиясидан бўлган Жозеф Байден (Жо Байден) мамлакат президентлиги учун беллашади.

Рушанабону Султонова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

140

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг