Мексикадан Трампга ўз услубида жавоб. Шейнбаум АҚШнинг номини ўзгартирмоқчи (видео)

Олам

image

Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг Мексика кўрфазини Америка кўрфази деб ўзгартириш ҳақидаги баёнотига жавобан Америка Қўшма Штатларини “América Mexicana”, яъни “Мексика Америкаси” деб аташни таклиф қилди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

“Мексика кўрфази – бу БМТ томонидан тан олинган ном. Лекин нега биз қитъани "Мексика Америкаси" деб атамаслигимиз керак? Бу чиройли янграйди, тўғрими?” деди республика раҳбари кундалик матбуот анжуманида.

Унинг фикрича, бу таклиф тарихий асосга эга. Хусусан, Шейнбаум 1607 йилга оид тарихий харитани далил сифатида келтирган. Ушбу харита Dutch Ost-India компанияси буюртмасига кўра яратилган бўлиб, унда замонавий АҚШ ҳудуди “Мексика Америкаси” сифатида кўрсатилган. Бундан ташқари, 1814 йилда Апацинган-де-ла-Конститусьон шаҳрида имзоланган биринчи Мексика конституциясида ҳам айнан “Мексика Америкаси”нинг мустақиллиги эълон қилинган.

Маълумот учун, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 7 январь куни Мексика кўрфазини Америка кўрфази деб қайта номлаш ниятида эканини маълум қилганди. Трамп ўз баёнотида Мексиканинг миграция сиёсатини танқид қилиб, мамлакатни АҚШга кириб келаётган мигрантлар ва гиёҳванд моддалар оқимини етарлича назорат қилмасликда айблаган.

Шейнбаум эса Трамп расмий равишда АҚШ Президенти лавозимини эгаллашини кутиш лозимлигини таъкидлаган.

“Мен президент Трамп билан муносабатлар яхши бўлишига ишонишда давом этаман”, дейди Мексика раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп бунгача бир неча бор Канада ва Гренландия, шунингдек Панама каналига оид ҳудудий даъволар ҳақида гапирган эди. Хусусан, у кеча, 8 январь куни Америка Қўшма Штатларининг Канада билан бириктирилган харитасини тақдим этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Мексика Клаудия Шейнбаум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг