Мексика Президенти ўзининг ҳашаматли самолётини Тожикистонга сотди
Олам
−
15 Май 2023 11367 2 дақиқа
Мексика Президенти Лопес Обрадор ўз сайловолди ваъдасининг устидан чиқиб, тўрт йилдан бери харидор топилмаётган Boeing 787 Dreamliner ҳашаматли самолётини Тожикистонга сотди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, Лопес Обрадор олдинги ҳукумат томонидан харид қилинган 218 миллион долларлик ҳашаматли самолётдан воз кечишни сайловлар олдидан ваъда берган. У буни ҳукуматнинг серхаражатлиги рамзи деб баҳолаган. Аммо, махсус жиҳозланган самолётни алмаштириш қийин бўлган, уни лотореяга қўйиш ҳам муваффақиятсиз якунланган. Ниҳоят, учоқ ўзининг янги эгасини топган. Тожикистон ҳукумати уни 92 миллион долларга сотиб олишга рози бўлган.
Самолёт 2012 йилда мамлакатнинг ўша вақтдаги президенти Фелипе Калдерон томонидан сотиб олинган бўлиб, Калдерондан сўнг кейинги президент Энрике Пеня Нието ҳам ундан фойдаланган.
Лопес Обрадор президентликка сайлангач, бу самолётга ҳеч қачон қадам босмасликка ваъда берган. У ҳозиргача тижорий рейслардан фойдаланиб келади.
Ҳашаматли интерьер, жумладан, Президент ётоқхонаси, мармар ва маун ёғочлари билан безатилган ички кўринишга эга бўлганига қарамай, самолёт бор-йўғи 80 кишини сиғдира олади. Шу сабаб, у оддий йўловчи самолёти учун жудда қимматлик қилиб, харидор топиш ҳам нақд 4 йил вақт олган.

Самолёт бугун Тожикистонга олиб келинган. Бироқ, мамлакат ҳукумати ундан ким фойдаланишини маълум қилмаган.
Самолётдан қутилганидан ва сайловолди ваъдасини бажарганидан хурсанд бўлган Лопес Обрадор унга ўтирган ва ҳатто, эсдалик учун суратга ҳам туширган.
Президент унинг сотувидан тушган маблағ эвазига Герреро ва Оахака штатларида иккита янги шифохона қурилишини айтган.
Live
Барчаси