Мексика Президенти ўзига тегажоғлик қилган эркакни судга берди
Олам
−
11 Ноябрь 2025 5961 1 дақиқа
Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум жонли эфир давомида маст ҳолатда унга тегажоғлик қилган эркакка қарши судга даъво аризаси топширди. Шейнбаум бу воқеани барча аёлларга қилинган тажовуз деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Телеканалга кўра, Клаудия Шейнбаум жонли эфир вақтида маст ҳолда унга тегажоғлик қилган эркакка нисбатан айблов билан чиққан. Сиёсатчи бу воқеани “барча аёлларга қарши тажовуз” деб атаган.
“Мен судга мурожаат қилдим, чунки бу ҳолат менга аёл сифатида тааллуқлидир, худди мамлакатимиздаги барча аёлларга тааллуқли бўлгани каби. Ҳеч ким бизнинг чегараларимизни бузишга ҳақли эмас”, дейди у.
Шейнбаум бу ҳодиса у илк бор дуч келган тегажоғлик ҳолати эмаслигини қайд этган. У ўз сиёсий фаолияти давомида ўтмишда дуч келган шунга ўхшаш ҳолатларни очиқчасига баён қилиб келган.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса маст ҳолатдаги эркак Клаудия Шейнбаумга Мехико шаҳри аҳолиси билан мулоқот қилаётган пайтда яқинлашганида юз берганди. Видеолавҳада эркакнинг оёғида зўрға турган ҳолатда мамлакат раҳбарига орқадан яқинлашгани ва нафақат унга тегмоқчи, балки ўпмоқчи бўлгани кўринади. Президент эса ўзини йўқотмасдан, мулойимлик билан унинг қўлларини четга сурган, шундан сўнг эркакни хавфсизлик ходимлари четга олиб кетган.
Live
Барчаси