Midweek: Москвада таҳқирланган мигрантлар, Гарвардни “бўғган” Трамп, Истанбулдаги қотиллик
Таҳлил
−
16 Апрель
4348“Хитойлик эркаклар оммавий тарзда босқинда иштирок этмоқчи”
Жорий йилнинг 4 ва 5 апрель кунлари Украина Қуролли кучлари томонидан асирга олинган Хитой фуқаролари Ван Гуанцзюнь ва Чжан Ренбо орадан 10 кун ўтиб, 14 апрелда Украина Хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида бўлган воқеаларни батафсил гапириб беришди. Икки хитойлик асир фронтга қандай келиб қолганидан тортиб, русларнинг уларга қилган таҳдидлари, алдовлари ва тармоқларда Россия армияси “куч-қудрати” ҳақидаги кўпиртирилган лавҳалар ҳақиқатга мутлақ тўғри келмаслигигача бўлган фикрларни айтиб ўтди. Аввалроқ тарқалган хабарларга кўра, улар фронт чизиғига онгли равишда келиб қўшилгани айтилганди. Бироқ Гуанцзюнь ва Ренбо бу хабарларни рад этиб, Россия армияси таркибида уришмоқчи бўлмагани, улар руслар томонидан алданиб, фронтга юборилганини маълум қилди. Ушбу икки хитойлик ёлланма аскар шунингдек, ўзларининг Пекин ҳукумати билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади. Бироқ ўтган ҳафта “Reuters” суҳбатлашган Ғарб разведкаларидан бирининг собиқ ходими хитойликлар Пекин томонидан маълум мақсадлар юзасидан, жумладан, урушда тажриба орттириш учун билвосита фронтга юборилганини даъво қилганди. Икки асирдан бири бўлган хитойлик Гуанцзюннинг сўзларига кўра, у юзага келган оғир шароит сабаб мамлакатни тарк этган ва Россияга келишга мажбур бўлган. Аниқроғи, у коронавирус пандемияси даврида ишсиз қолганидан сўнг иш излай бошлаган. Гуанцзюнь россиялик ёлловчи билан ярадор ҳарбийларга реабилитолог сифатида хизмат қилиш бўйича келишувга эришган. Бироқ Россияга етиб борганидан сўнг у тўғридан тўғри армия таркибига тушиб қолган ва бошқа танлови қолмаган. Уч кундан сўнг эса фронт чизиғига юборилган. Энг хавфли томони шундаки, хитойлик асирнинг айтишича, ҳозирда TikTok платформасида рус ҳарбийларнинг образи идеаллаштирилмоқда ва шу боис Хитойда кўплаб эркаклар урушга боришга интиляпти. Бу эса аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский таъкидлаганидек, Россия армиясида камида 155 нафар хитойлик ёллангани ҳақидаги рақамлар ҳали ҳолва бўлиши мумкинлиги яқин келажакда уларнинг сони анча кўпайиши мумкинлигини истисно қилмайди.
Шу ўринда президент Зеленскийнинг хитойликлар қай тарзда босқинга жалб қилинаётгани тўғрисидаги сўзларига тўхталиш ўринли. У ўтган ҳафта ёлланган хитойликлар аввал Москвага бориши, 3-4 кунлик тиббий кўрикдан ўтиб, кейинчалик 1-2 ой давомида ўқув марказларида тайёргарлик кўриши ҳақида айтиб ўтганди. Украина раҳбарига кўра, уларга миграцион ва “Мир” тўлов тизими карталари берилади ва шу карталарга пул ўтказилади. Ёлланма хитойлик аскарлар қанча суммага бу босқинга кўндирилаётгани ҳақида эса “Guardian” нашри ўз версияларини тақдим қилганди. Унда айтилишича, ёлланма аскар сифатида хитойликлар 27 минг долларгача бир марталик мукофот ва ҳар ой 2,5 минг доллар маош олаётган бўлиши мумкин. Юқоридаги маълумотлар жамланмаси эса кўпчиликни ўйга солиши табиий. Масалан, Гуанцзюннинг пандемия сабаб ишсиз қолиб, Россияга келгани, хориж нашрларининг эса уларга 2.5 минг долларгача маош тўланаётган деган даъволари баъзи таҳлилларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Шу ўринда бугунги кунда Хитойдаги ўртача маош ва мамлакатдаги ишсизлик даражаларига тўхталиб ўтиш зарурдир. Масалан, Хитойда ўртача ойлик иш ҳақи шаҳар ва қишлоқларга қараб бир-биридан кескин фарқ қилишига гувоҳ бўлиш мумкин. 2025 йил ҳисобига кўра, Хитой шаҳарларидаги ўртача иш ҳақи 1385 долларни ташкил қилади. Бироқ қишлоқ ҳудудларида бу кўрсаткич жуда паст бўлиб, ойлик маошлар 235 доллардан 375 долларгача холос. Гуанси провинциясидаги ҳолат бунга яққол мисол бўлолади. Ишсизлик даражаси эса алоҳида масала бўлиб, Хитойда айни дамда бир неча ўн миллионлаб одам ишсиздир. Масалан, Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат аҳолисининг 5.4 фоизи ишсиз. Бугунги кунда Хитойнинг жами аҳолиси 1.4 миллиардни ташкил қилади. Унинг 5.4 фоизи ишсиз экани ҳисобга олинса, мамлакатда умумий ҳисобда 75.6 миллион аҳоли даромад масаласида жиддий муаммоси борлигини кўриш мумкин. 75 миллиондан ортиқ ишсиз хитойликларнинг аксар қисмини эркаклар ташкил қилиши Кремль учун ўн миллионлаб потенциал “босқин бозори” мавжудлигини англатади. TikTok’да авж олган босқинга жалб қилиш тарғиботлари айнан хитойликларга қаратилгани ҳам бежиз эмас чоғи.
Энди эса икки хитойлик асир нималарни бошдан кечирганига уларнинг ўзи маълум қилган воқеалар кетма-кетлигига таянган ҳолда тўхталсак. Биринчи навбатда Гуансзюн уни ёллаганлар билан дастлаб, тил барриэр туфайли фақат имо-ишоралар орқали мулоқот қилишга мажбур бўлган. Унга шартнома шартлари ёки тўловлар ҳақида тўлиқ маълумот берилмаган. Ҳужжатлар ҳам хитой тилида тақдим этилмаган. Гуанцзюнь асирга тушганидан сўнг, Украина Хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида юқоридаги гаплари қаторида ўз ватандошларини россияликларга ишонмасликка ҳам чақирди. У Россияни “кўринганидек қудратли эмас” деб ҳисоблашини яширмади, Украинани эса “кутилганидек заиф эмас” деган хулосага келди. Иккинчи ёлланма хитойлик асир Чжан Ренбо эса ўз кўрсатмаларида дастлаб Россияга сайёҳ сифатида борганини айтди. Бироқ кейинчалик унда бироз пул топиш нияти пайдо бўлган. Унга Россияда қурувчи бўлишни таклиф қилишган, аммо кейинчалик ҳаммаси бошқа йўналишга ўзгариб кетган. Ренбонинг айтишича, урушга боргунига қадар Украинага оид барча маълумотлар фақат Россия ғалабалари ҳақида бўлган ва у ҳам рус пропагандаси қурбонига айланган. Ренбога 80 мингдан 260 минг рублгача маош ваъда қилинган. Долларда бу 1000-3000 долларни ташкил қилади. Дастлаб унга бу пул берилган ҳам. Аммо 200 минг рубль, яъни 2400 доллар маош туширилган банк картасини олганидан сўнг рус ҳарбийлари дарҳол унинг телефонини олиб қўйишган ва пулни ўзлаштиришган. Улар, шунингдек, унга таҳдид ҳам қилишган. Иккала асир ҳам Украина ҳарбийларидан биронтасини ўлдирмаганини, фронтдаги иштироклари қисқа бўлганини айтган. Асирларнинг тахминича, улар Россиянинг 7-мотострелкали бригадаси сафида бўлган. Гуансзюн ҳам, Ренбо ҳам ватанга маҳбуслар алмашинуви орқали қайтиш истагини билдирган. Зеленский эса Украина асирларига алмашиш шарти билан хитойликларни қайтаришга тайёрлигини билдирган.
Бангладеш Исроилга паспорт орқали қарши чиқмоқда
Бангладеш ўз фуқароларининг паспортларига “Исроилдан ташқари” деган жумлани қайта киритишни бошлади. Мамлакат расмийлари 12 апрель куни 100 мингга яқин аҳоли пойтахт Даккада мустақил Фаластин давлатини қўллаб-қувватлаб, намойишларга чиққани ортидан шундай қарорга келган. Дакка университети атрофида Ғазо билан бирдамлик учун тўпланган инсонларнинг кўплиги сиёсий элитага фуқароларнинг бу борадаги позицияси жиддий эканини исботланган.
Намойишчилар Исроилни қўллаб-қувватлагани учун АҚШ Президенти Дональд Трамп, яҳудий давлати Бош вазири Бинямин Нетаньяху ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг суратларини кўтариб, уларга зарар етказган. Норозилик ҳаракатлари чоғида Ғазодаги тинч аҳоли қурбонларини ифодаловчи рамзий тобутлар ва тасвирлар ҳам олиб чиқилган. Бангладешнинг собиқ бош вазири Холида Зиё бошчилигидаги Бангладеш миллий партияси ва бошқа исломий гуруҳлар ва партиялар намойишчилар билан бирдамлик эълон қилган.
Бангладеш паспортларида ўтмишда ҳам ўнлаб йиллар давомида “Исроилдан ташқари барча мамлакатлар учун амал қилади” ибораси чоп этиб келинган. Аммо бу ёзув 2021 йилда ҳокимиятдан ағдарилган бош вазир Шайх Ҳасина томонидан олиб ташланган. Ҳасина ҳукумати бу қарорни мамлакат паспортларини дунё стандартларига мослаш ҳаракати сифатида изоҳлаган. Бироқ бу ўзгаришга қарамай, ўшанда ҳам Бангладеш Исроилга нисбатан ўз позициясини ўзгартирмаган ва уни тан олмасликда давом этган. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Бангладеш Исроилни тан олмайдиган БМТ га аъзо 29 давлатдан бири ҳисобланади. Бу давлат ўз фуқароларига Исроилга боришни тақиқлаши ва Исроил паспортига эга кишиларни мамлакатга қабул қилмаслиги билан танилган. Унинг бундай ёндашуви аҳолининг аксарият қисми мусулмон экани билан изоҳланади. Бугунги кунда Бангладеш 172 миллиондан ортиқ аҳолига эга. Уларнинг 91 фоиздан кўпроғи, аниқроғи 150 миллиони мусулмонлардир.
Туркияда ўзбек аёл эрини ўлдиришда гумонланмоқда
Туркиядаги ўзбеклар ва Истанбулдаги Бош консулхона яна эътибор марказида. Гап шундаки, жорий ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда Истанбул шаҳрининг Картал туманида 28 ёшли ўзбекистонлик аёл молиявий қийинчиликлар туфайли юзага келган жанжал чоғида эрини пичоқ билан яралаб, ўлдирди деган мазмундаги хабарлар тарқалди. Воқеа эса бу хабар тарқалишидан бир неча кун олдин 6 апрель санасида кечки соат 21:30 атрофида Карликтепа маҳалласидаги бинонинг учинчи қаватидаги хонадонда юз берган. Дастлаб, Ўзбекистон фуқароси С.Т. ва унинг 4 йиллик турмуш ўртоғи Эмре Эрим ўртасида молиявий сабабларга кўра жанжал келиб чиққани айтилди. Бу жанжал эса тез фурсатда муштлашувга айланиб кетган. Бундан ғазабланган аёл ошхонадаги пичоқ билан турмуш ўртоғи Эмре Эримга тан жароҳати етказиб, уни ўлдиргани таъкидланаётганди. Шундан сўнг, марҳумнинг жасади экспертиза учун Суд тиббиёт институтига юборилган. Картал тумани ИИБга қарашли милиция гуруҳлари томонидан олиб борилган ишлар чоғида қочишга уринган С.Т. қўлга олинган. Кейин эса ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилди ва воқеликнинг асл тафсилотлари ойдинлаша бошлади. Янги версиялар аста-секин ўртага чиқди. Унга кўра, марҳум аёлни бўғаётган пайтда унга орқа томондан пичоқ билан зарба берилган. Бу эса Эмре аёли эмас, аксинча бошқа шахс томонидан пичоқланган бўлиш эҳтимоли борлигини англатиши таъкидланди. Чуни бу пайтда уй ичида эр-хотиндан ташқари бошқа шахслар ҳам бор бўлган.
Воқеликнинг шу кўринишдаги тафсилоти ҳақида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди. Консулхонага гумонланувчи аёлнинг холаси томонидан интервью берилган. Эрини ўлдиришдан гумон қилинаётган аёлнинг холаси, жияни ҳақиқатдан ҳам воқеа юзасидан гумонланувчи сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланганини айтди. Аммо жияни бундай ишга қўл уриши мумкин эмаслигини қўшимча қилди. Унга кўра, мазкур мазмундаги хабарлар тарқалганда гумонланувчининг онаси тўсатдан оғир аҳволга тушиб қолган. Дастлабки маълумотларга қараганда вафот этган Туркия фуқароси спиртли ичимлик истеъмол қилган ва ўзбекистонлик турмуш ўртоғига нисбатан мунтазам равишда жисмоний ва руҳий босим ўтказиб келган. Воқеа содир бўлган вақтда хонада бошқа шахслар ҳам бўлган. Аммо ҳозирча уларнинг кимлиги оммага маълум эмас. Ҳозирда гумонланувчи аёлга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда ва унга адвокат бириктирилган. Ҳолат Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган.
Трамп АҚШ бюджетини “маҳкам қучоқламоқчи”
Трамп иккинчи расман АҚШ президенти сифатида иккинчи муддатини бошлагандан буён боши суддан чиқмаяпти. “Озодлик” ва “Америка овози”нинг кейслари билан бошланган бу ишлар “Associated press” ва эндиликда дунёнинг энг нуфузли университетларидан бири ҳисобланмиш Гарвард билан давом этяпти. Гап шундаки, Дональд Трамп маъмурияти бу университетни молиялаштиришни таъминлайдиган 9 миллиард доллар маблағнинг сарфланишини қайта кўриб чиқиш режасини маълум қилганди. Бунга 8,7 миллиард долларлик грантлар ва 255,6 миллион доллар Гарвард, унинг филиаллари ва федерал ҳукумат ўртасидаги мавжуд шартномалар киради. Унинг бу ҳаракатлари устидан Гарвард ўқитувчилари ва АҚШ университет профессорлари ассоциацияси томонидан судга даъво аризаси киритилди. Унга кўра, Трамп маъмурияти сиёсий қарашларини олийгоҳга мажбуран сингдиришга уринмоқда ва "молиялаштиришдан маҳрум этиш" таҳдидини босим воситаси сифатида қўлламоқда. Даъвогарларнинг таъкидлашича, Трамп уларнинг академик эркинлик ва сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқларини бузган ва маъмурият молияни тўхтатиш таҳдидига асосли изоҳ бера олмаган. Ҳукумат кампусларда Фаластин тарафдорлари бўлиб ўтган норозилик намойишларидан сўнг мамлакатнинг етакчи таълим муассасаларида катта сиёсий ўзгартиришлар киритиш режасини эълон қилганидан кейин университет қаттиқ назорат остига олингани айтилмоқда. Гарвардга давлат грантлари ва шартномалар кўринишида тақдим этилган тахминан 9 млрд доллар маблағ қандай сарфланаётганини ўрганиш учун бир вақтда учта идора — Таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШ Бош хизматлар бошқармаси текширув бошлаган. Жорий йилнинг апрель ойи бошида Трамп маъмурияти Гарвард университетидан федерал молиялаштиришни йўқотмаслик учун турли дастурларини бекор қилишни талаб қилган. Албатта, бу талаблар ичида баъзи жирканч қарашлар тарғиботини йўқ қилиш ҳам бўлган. Аммо кейинчалик, бундан кўзланган энг асосий мақсадлардан бири университет талабаларини Фаластинни қўллаш бўйича қиладиган ҳаракатларини чеклаш экани ошкор бўлди.
31 март куни Вашингтондан Гарвардга юборилган расмий хатда федерал қўлловни сақлаб қолиш учун амалга оширилиши шарт бўлган бир қатор талаблар кўрсатилган. Улар орасида — намойишларда ниқоб тақишни тақиқлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилиш талаблари бор. Бироқ Гарвард ўқитувчилари томонидан бу талаб университет сиёсатини бузиш ва сўз эркинлигига тўғридан-тўғри аралашиш, дея баҳоланган. AP’нинг ёзишича, 11 апрель куни Трамп маъмурияти яна Гарвардга мактуб йўллаб, университет бошқарувида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш, шунингдек, қабул сиёсатига ўзгартириш киритишни талаб қилган. Гарвард мазкур талабларни бажармагандан сўнг, 14 апрелга келиб, унга нисбатан дастлабки чоралар қўллана бошлади. Хусусан, шу куни АҚШ Таълим вазирлиги қошидаги антисемитизмга қарши кураш бўлими Гарвард университетига ажратилган 2,2 млрд долларлик грантлар ва 60 миллион долларлик шартномаларни музлатди. Бу қарор яҳудий талабаларни ҳимоя қилиш ва аксилисроил намойишларга чек қўйиш учун қилингани айтилмоқда. Ўз навбатида, Гарвард университети президенти Алан Гарбер 14 апрель кунининг ўзидаёқ Трамп маъмуриятига жавоб йўллаб, университет ҳукуматнинг мазкур талабларини бажармаслигини очиқ-ойдин билдирган.
Федерал бюджет тақсимоти масаласида Гарвард бир томон холос. Молиялаштириш қисқартирилиши ҳали жуда кўп соҳаларга татбиқ этилиш эҳтимоли жуда юқори. Жумладан, “Reuters”нинг хабар беришича, Трамп маъмурияти Давлат департаменти бюджетини икки бараварга қисқартиришни, дипломатлар ва элчихоналар сонини, халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва НАТОни молиялаштиришни камайтиришни таклиф қилган. Унга кўра, 2026 йилда бу жабҳадаги молиялаштириш ҳажми 50 фоизга ёки тахминан 30 миллиард долларга қисқартирилиши режалаштирилган. Оқ уй бу борада АҚШнинг хориждаги, асосан Африка ва Европадаги 10 та элчихонаси ва 17 та консуллигини ёпишни таклиф қилмоқда.
Қисқартиришлар нафақат Давлат департаментига, балки функциялари ушбу идорага ўтган АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигига (USAID) ҳам таъсир қилади. Мазкур режа қайд этилган ҳужжат матнидан хабардор AP нашрининг хабарига кўра, бу БМТ ва НАТОни молиялаштиришни тўхтатиш, хорижий ёрдамни ярмига қисқартириш ва хорижда соғлиқни сақлашни кенг ҳажмда молиялаштиришни буткул тўхтатишни таклиф қилади. Фақатгина ОИВ, сил ва безгак учун ажратиладиган кичик маблағлар бундан мустасно. Нашрнинг қайд этишича, ҳужжат ҳозирча дастлабки хусусиятга эга холос ва уни на Давлат департаментининг ўзи, на 2026 йилги давлат бюджетини тасдиқлаши керак бўлган АҚШ Конгресси маъқулламаслик эҳтимоли катта. “The Washington Post” газетаси эса худди шу ҳужжатга таяниб, Давлат департаменти бюджетининг қисқариши, Оқ уй лойиҳасига кўра, 27 миллиард долларни ташкил этишини маълум қилди.
Россиядан изоҳ талаб қилган Бишкек
Ўтган ҳафта сўнгида Москва шаҳридаги “Бодрост” номли ҳаммомда Россия махсус мақсадли мобил блоки, яъни (ОМОН) мигрантларга қарши ўта қўпол тарзда рейд ўтказганди. У ерда дам олаётган Ўрта Осиёлик мигрантлар Россия кучишлатар тузилмаси томонидан доимгидек таҳқирланди. Улар ярим-яланғоч ҳолатда бир-бирининг устига буюм каби тахланди. Юз тубан ётқизилган ва эмаклатиб юришга мажбур қилинган мигрантларга нисбатан куч ишлатилгани ва калтаклангани воқеа акс этган тасвирларда яққол кўринган. “Реадовка” манбасига кўра, у ерда тахминан 40 нафар мигрант ҳибсга олинган. Улар куч ишлатар ходимлар томонидан ерга юзтубан ётқизилиб, кейинроқ олиб кетилган. Манбага кўра, бир нечта мигрантларга нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг “мамлакатга кириш ва унда бўлиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича иш қўзғатилган. Мигрантларнинг норасмий раҳбари эса текширув остида бўлиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг “ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддаси бўйича жиноят иши очилиши мумкинлиги айтилди. Оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, мазкур ҳаммомга асосан Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган мигрантлар ташриф буюрган. Мазкур жараённи тасвирга олган видео муаллифлари лавҳани тармоққа “бу ерга кўплаб қирғизлар келади”, деган изоҳ билан жойлаштиришган.
Facebook фойдаланувчиларидан бири эса ўз саҳифасида бу воқеага қуйидагича муносабат билдирган.
“Одамлар ҳаммомга шунчаки дам олиш учун келган эди. Аммо буғ ва тинчлик ўрнига ОМОН рейди, бақир-чақир, ҳаммани ҳайвонлардек ерга ётқизиш. Кўпчиликнинг баданида катта кўкарган жойлар, калтак излари бор. Бу текширув эмас, бу қийноқ”, дея изоҳлаган у.
Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, бундай рейд ўтказилишига гўёки кўплаб мигрантларнинг ноқонуний равишда ҳаммомни эгаллаб олиб, бошқа ташриф буюрувчиларга фойдаланишга тўсқинлик қилгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган.
Маҳаллий аҳоли вакиллари мигрантлар рус миллатига мансуб кишиларга нисбатан салбий муносабатда бўлганидан шикоят қилган. Шундан сўнг вазиятга ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашган. Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу масала юзасидан сукут сақлаши эса расмий Бишкекни жазавага солди десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки 14 апрель куни Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Москвадаги ҳаммомда фуқаролар таҳқирлангани юзасидан Россия Федерациясининг мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сергей Вакунов билан учрашув ўтказди. Вазирлик томонидан воқеа бўйича ўрганиш олиб бориб, куч ишлатиш асоссиз бўлган тақдирда, ушбу ҳодиса бўйича Москва шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига нисбатан тегишли чоралар кўриш сўралган ва расмий нота топширилган. Шунингдек, учрашувда Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бундан буён Қирғизистон-Россия иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларига путур етказиши мумкин бўлган бундай вазиятга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш талаб қилинган.
Юқорида таъкидланганидек, ижтимоий тармоқларга сиздирилган хабарларга кўра, бу ҳаммомга кўпроқ ўзбек ва қирғиз мигрантлар келиши ҳақида ёзилган. Бу эса калтакланган ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлигини истисно қилмаслиги табиий. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг воқеага тезкор муносабат бериши ортидан Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳам ҳаракатга келди. Яъни уларда Ташқи ишлар вазирлигига сўров юбориш ваколати борлиги эсига тушди. Ташқи ишлар вазири Б. Саидовга “Хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди. Шу ўринда эса бир нарсани таъкидлаш жоизки, кўп ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги хорижда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг жиноят қурбони бўлиши, ўлдириб кетилиши ёки бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этиши билан боғлиқ ҳолатларга муносабат бермайди, баъзида уларнинг жасади ватанга қандай олиб келинишига ҳам тўхталмайди. Кўпчилик одамлар яқинлари вафот этса, уларнинг жасадини Ўзбекистонга қандай қайтариш йўлларини ҳамон аниқ билмайди.
Қолаверса, ТИВ хорижий мамлакатларда, айниқса, Россияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан номақбул ҳаракатлар, қўпол муомалаларга ҳам миқ этмай келади. Шунингдек, ўзбекистонликларнинг хорижий мамлакатларда жиноят содир этиши ва жазога тортилиши билан боғлиқ вазиятлар ҳам ТИВ назаридан четда қолади. Бунга яққол мисол БААда яҳудий раввиннинг ўлдирилишида 3 ўзбекистонликнинг айбланиши ва ўлим жазосига ҳукм қилинишидир. ТИВ вакиллари расмий сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бўлмаса-да, журналистларнинг сўровларига жавобан оғзаки равишда ушбу жиноятда ўзбекистонликлар айбланаётганини тасдиқлагани рост, бироқ одатда ТИВ воқеа ва ҳодисаларга “аниқлик киритиб, батафсил маълумот берилади” қабилидаги баёнотлар билан чекланади. Аммо аниқлик киритилмаган масалалар анчани ташкил қилади.
Юқорида қайд этилган парламент сўровига эса хайрият тезкор муносабат билдирилди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов вазирлик хориждаги Ўзбекистон фуқароларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо ҳимоя қилиб келгани ва бу фаолият улар учун устувор бўлиб қолишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мазкур йўналишда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари хорижий давлатларнинг тегишли идоралари билан бевосита алоқалар ўрнатган.
“Ҳар бир ҳолат атрофлича ўрганилиб, фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида зарур чоралар кўрилади. Ташқи ишлар вазирлиги ҳар ойлик брифинглари орқали амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб келмоқда”, дейилади хабарда.
Бурҳоновнинг қўшимча қилишича, ушбу соҳадаги барча мурожаат ва сўровларга вазирлик томонидан ўз вақтида жавоблар тақдим этилади.
LiveБарчаси