Мебель заводида қул қилиб ишлатилган ўзбекистонликлар қутқарилди

Жамият

image

Россияда мебель заводида қул қилиб ишлатилган беш нафар Ўзбекистон фуқароси қутқарилиб, мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистонлик беш киши кузнинг охирида Россияга ишлашга йўл олган. Бунга ўша ерда ишлаётган Р. исмли шахснинг “яхши иш бор, маоши ҳам анча юқори, келиб ишласангиз ёрдам бераман”, деган гаплари сабаб бўлган.

Рязань шаҳрига етиб борган ўзбекистонликлар ўша таниш кишига рўйхатдан ўтиш ва ишлашга рухсатнома олиш учун паспортларини берган. У эса йигитларни мебель фабрикасига олиб борган. Йигитлар шу ердаги ишчилар ётоқхонасига жойлашгач, иш бошлаган.

Орадан ойлар ўтса ҳамки, ўзбекистонлик йигитлар ҳужжатларини олмагани етмагандай, уларга иш ҳақи ҳам берилмайди. Бундан норози бўлиб, улар фабрикани тарк этишга уринади. Бироқ, бу самарасиз кетади. Чунки улар “текин ишчи кучи”ни мажбуран орқага қайтаришади.

Икки ойдан кейин улар бошқа ерга, яъни Пеньзадаги фабрикалардан бирига олиб борилади. Бу ерда ҳам улар фабрика ва ётоқхона ўртасида бориб-келиб, ишлашга мажбур этилади.

Аммо кўчиш қул қилиб ишлатилаётган йигитлардан бири қариндошига хабар беришга муваффақ бўлади. У эса йигитларни қутқариш чорасини излай бошлайди. Ниҳоят у Ўзбекистон Республикаси “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази “Долзарб алоқа тармоғи” - 951439494 рақамига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиради.

Ўз навбатида, “Истиқболли авлод” Россиядаги ҳамкори бўлган “Альтернатива” кўнгиллилар ҳаракатига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

“Альтернатива” кўнгиллилари ўзбекистонликлар мажбуран ишлатилаётган фабрикага бориб, уларни қутқаришга муваффақ бўлди.

Кўнгиллилар ўзбекистонликларга вақтинчалик ҳужжат тайёрлаб, уларни қайтариш чораларини кўрди. Ниҳоят, алданиб қулликка маҳкум этилган йигитлар озод бўлиб, Ўзбекистонга қайтди.

“Истиқболли авлод” ёрдам сўраб мурожаат қилаётган кишилар ҳақидаги маълумотлар уларнинг шаъни, қадр ва қиммати нуқтаи назаридан сир тутилишини инобатга олиб, йигитларнинг шахси ҳақида маълумот бермаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия қуллик Истиқболли авлод

Баҳолаганлар

100

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг