Меҳрибон Алиева Исроил-Фаластин урушида Озарбайжон ким томондалигини айтди

Олам

Замонавий даврда ҳарбий можароларнинг ҳал этилмагани кўп жиҳатдан халқаро ҳуқуқнинг танлаб қўлланилиши, икки томонлама стандартлар билан боғлиқ. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси – мамлакат биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева кеча, 15 ноябрь куни Истанбул шаҳрида Туркиянинг Биринчи хоними Эмина Эрдўған томонидан ташкил этилган “Фаластин учун ягона юрак” саммитига йўллаган видеомурожаатида айтиб ўтди. 

У сўзи аввалида Туркия Биринчи хоними Эмина Эрдўғанга ушбу тадбирга таклиф этгани учун миннатдорлик билдирди. 

“Эмина хонимнинг гуманитар ва ижтимоий соҳалардаги фаолиятини, жумладан, ҳарбий можаролардан азият чекаётган тинч аҳоли, аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатишга қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этаман ва юксак қадрлайман. Бу йил ташкил топганининг 100 йиллигини нишонлаётган Туркия Республикаси барча соҳаларда муҳим ютуқларга эришган, халқаро майдонда катта обрў-эътиборга эга қудратли давлатдир”, дейди Меҳрибон Алиева. 

Унинг қайд этишича, доим тинчлик ва адолат тарафида бўлган қардош Туркия минтақа ва дунёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга муҳим ҳисса қўшмоқда. Озарбайжон-Туркия қардошлиги ва бирлиги бугун энг юқори даражада. 

Озарбайжон Биринчи хоними Фаластин-Исроил масаласига тўхталаркан, тўқнашувларда аёллар ва болалар жабр кўраётгани, қурбон бўлаётгани, айниқса, ачинарли эканини урғулади. 

“Фаластин-Исроил можаро ҳудудида кундан-кунга кучайиб бораётган кескинлик, бундан ҳам каттароқ инсоният фожиасига сабаб бўлаётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Юрагимиз оғриғи билан гувоҳи бўлаётган чидаб бўлмас инсоний азоб-уқубатлардан ҳар биримиз чуқур ҳайратдамиз. Бу қуролли қарама-қаршиликдан энг кўп жабр кўраётган одамлар тинч аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар экани ниҳоятда ачинарли. Ҳарбий операцияларни амалга оширишда халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиш керак. Ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайман”, дейди Президентнинг рафиқаси. 

Унинг қайд этишича, Озарбайжон жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш чақириқларини қўллаб-қувватлайди ва октябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан кескинликни бартараф этиш бўйича қабул қилинган резолюцияни ёқлаб овоз берди.  

“Мамлакатимиз Фаластин-Исроил можаросини халқаро ҳуқуқ ва БМТнинг тегишли резолюциялари асосида “икки давлат” тамойили асосида ҳал этиш тарафдори. 2019 йилдан бери Қўшилмаслик Ҳаракатига раислигимиз давомида биз доимо Фаластин масаласига эътибор қаратиб келганмиз. Жорий йилда Рамаллоҳ шаҳрида мамлакатимиз ваколатхонасининг ишга туширилиши Озарбайжон-Фаластин муносабатларининг ривожланишига туртки бўлишига ишонаман”, дейди Озарбайжон биринчи вице-президенти. 

У ўтган ўн йил ичида Баку БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлаш агентлиги орқали бир неча бор инсонпарварлик ва молиявий ёрдам кўрсатганини эслатди. Шу билан бирга, Озарбайжонда Фаластинга сиёсий ва молиявий ёрдам жалб қилиш мақсадида қатор халқаро тадбирлар ўтказилган. 

“Улар орасида мен Фаластин давлатига ёрдам кўрсатиш бўйича Ислом молиявий хавфсизлик тармоғининг таъсис конференциясини ва Қуддус шаҳрини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича Донорлар конференциясини алоҳида таъкидламоқчиман. Фаластинлик ёшлар Озарбайжон давлати томонидан ажратилган стипендиялар асосида мамлакатимизда олий таълим олади. Озарбайжон Фаластинда қурадиган мактаб Фаластин халқини қўллаб-қувватлашимизнинг яна бир кўриниши бўлади”, дейди у. 

Меҳрибон Алиевага кўра, ваколатли халқаро институтлар дуч келаётган ҳозирги инқироз муҳим масалаларни ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда. Чуқур илдизларга эга бу инқироз яна бир муҳокама мавзуси. 

“Шуни таъкидлашни истардимки, замонавий даврда ҳарбий можароларнинг ҳал этилмаганлиги кўп жиҳатдан халқаро ҳуқуқнинг танлаб қўлланилиши билан боғлиқ. Икки томонлама стандартлар ва нохолис ёндашувлар инқирознинг янада кучайишига шароит яратади”, дейди Меҳрибон Алиева. 

У оммавий фикрни чалғитиш ва халқаро ҳуқуқни манипуляция қилиш учун нохолис медиа платформалари орқали ёлғон хабарлар тарқатилаётганини ҳам кўздан қочирмади. Билдиришича, манипуляция мақсадида ахлоқий қадриятларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари янада хавфлироқдир. Алиева бу масалага тўхталаркан, Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятини Арманистон 30 йил давомида босқинчилик ва куч билан эгаллаб келгани, халқа майдонда эса бунга панжа ортидан қаралганини айтди. 

“Арманистоннинг Озарбайжонга қарши 30 йиллик тажовузи оқибатида ҳудудларимиз босиб олинди, бир миллионга яқин ватандошимиз ўз ота-боболари заминидан қувғин қилинди, 300 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлди, диний-маданий меросимиз вайрон қилинди. Бир пайтлар босиб олинган ерларимиздаги 67 та масжиддан 65 таси бутунлай вайрон бўлган. 

1993 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган 4 та резолюция 27 йил давомида қоғозда қолиб кетганини афсус билан қайд этмоқчиман. 2020 йилги 44 кунлик Ватан уруши даврида Озарбайжоннинг ўзи ўз ерларини ишғолдан озод қилди ва жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказилган аксилтеррор операцияси натижасида ўз суверенитетини тўлиқ тиклади, Арманистон қуролли кучлари қолдиқлари ва сепаратизмга чек қўйди”, дейди биринчи хоним.

У сўзларига хулоса қиларкан, инсоният энг оғир дамларда ҳам меҳр-оқибат туйғусини йўқотмаслиги кераклиги хотирлатиб, тадбирни ташкил этгани учун Туркия Биринчи хоними Эмина Эрдўғанга миннатдорлик билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, Истанбулда бўлиб ўтган саммитда Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носир, Сенегал Президенти Маки Санинг рафиқаси Мариеме Файе Салл, Малайзия қироличаси Тунку Азиза Аминаҳ Маймунаҳ Искандария, Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Конго Республикаси Президентининг рафиқаси Антуанетта Сассу-Нгессо, Бангладеш Президентининг рафиқаси Ребека Султона, Босния и Герцеговина Президентлик кенгашининг хорват аъзоси Желько Комшичнинг рафиқаси Сабина Комшич, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Май Микати, Шотландия минтақавий бош вазири Ҳамза Юсуфнинг рафиқаси Надия Ал-Накла, Ливия Бош вазири Абдулҳамид Дибейбенинг рафиқаси Омина Али Муҳаммад Ал-Шавуш Ал-Дилавий, Фаластин махсус вакили Фериал Камел Абдалраҳмон Салим, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид ан-Наҳённинг рафиқаси Шайха Алязиа бинт Саиф Ал Наҳаён, Миср режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳала Алсаид ва туркманистонлик дипломат Чинор Рустамова иштирок этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Эмина Эрдўған Меҳрибон Алиева Фаластин учун ягона юрак

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг