Меҳрибон Алиева бир кам 60 ёшни қаршилади. Путин табрик мактубини йўллади

Олам

image

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Озарбайжон Биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиевани туғилган куни билан табриклаб, унинг икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини қайд этди. Табрик матни AzerTAG агентлиги томонидан эълон қилинди. 

“Муҳтарама Меҳрибон Орифовна, туғилган кунингиз билан самимий табрикларимни қабул қилинг. Мамлакатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссангизни юксак қадрлаймиз. Ишончим комилки,  кўп қиррали конструктив алоқаларни янада ривожлантириш дўст Россия ва Озарбайжон халқлари манфаатларига тўла жавоб беради”, дейилади табрикда.  

Россия давлати раҳбари Алиевага мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаровонлик ва фаолиятида муваффақиятлар тилади. 

2019 йилда Алиева “Россия-Озарбайжон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” Россия Федерациясининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Бу Путиннинг Меҳрибон Алиевага биринчи бор табрик йўллаши эмас. У ҳар йили Алиеванинг таваллудини унутмайди ва унга табрик мактубини йўллайди. 

Меҳрибон Алиева 1964 йилда озарбайжонлик таниқли олим, педагог, физика-математика фанлари доктори, профессор Ориф Пашаев ва Озарбайжоннинг биринчи шарқшунослик фанлари (аёл) доктори, филология фанлари доктори, профессор Аида Имонгулиева оиласида дунёга келган.

Озарбайжон давлат тиббиёт институтининг даволаш-профилактика факультетида таҳсил олган.  Кейинроқ, Москва тиббиёт институтида ўқишни давом эттирган. 

1983 йил ўша вақтда СССР Министрлар кенгаши раиси ўринбосари Ҳайдар Алиевнинг ўғли Илҳом Алиевга турмушга чиқди. 1988 йилдан 1992 йилгача у Москва кўз касалликлари илмий-тадқиқот институтида фаолият юритди.

2017 йил февраль ойида у Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти этиб тайинланган эди.  

Шунингдек, у мамлакатдаги энг йирик нодавлат ташкилот – Ҳайдар Алиев жамғармасига раҳбарлик қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Меҳрибон Алиева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг